События

Мы в социальных сетях:

Facebook Twitter Telegram

Главная > Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Х. Абдусаматовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2015 йилдаги фаолияти юзасидан

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Х. Абдусаматовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2015 йилдаги фаолияти юзасидан

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси

Б.Х. Абдусаматовнинг

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг
2015 йилдаги фаолияти юзасидан

М А Ъ Р У З А С И

Ҳурматли Раис,

Ҳурматли Сенат аъзолари ва ялпи мажлис қатнашчилари,

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2015 йилдаги асосий фаолияти муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасида экологик мувозанатни сақлаш ва аҳоли саломатлиги учун қулай шароитни яратиш бўйича қуйидаги масалаларни амалга оширишга қаратилди. Булар:

1.     Атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш.

2.     Давлат экологик назоратини юритиш.

3.     Атроф-муҳитнинг экологик ҳолатини барқарорлаштириш, экологик вазиятни соғломлаштиришга қаратилган дастурлар бажарилишини таъминлаш.

4.     Ресурс тежайдиган ва камчиқитли технологияларни жорий этиш.

5.     Табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

6.     Экологик таълим ва тарғибот ишларини амалга ошириш.

7.     Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш.

Жумладан, соҳага оид қонунчиликни ривожлантириш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари билан ҳамкорликда
4 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, 2 та янги таҳрирдаги қонун лойиҳалари ишланди.

Атроф-муҳит муҳофазасига оид 7 та қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ўрнатилган тартибда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди, шундан 3 таси тасдиқланди.

“Экологик назорат тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан (08.10.2015й.) “Экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги (286-сонли) ва  “Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги (287-сонли) қарорлари тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг (30.09.2015й.) “Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (278-сонли) қарори қабул қилинди.

Қўмита томонидан соҳага оид 8 та идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ва бекор қилиш ҳақидаги қарорлар ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Давлат назоратини амалга ошириш йўналишида қуйидаги ишлар олиб борилди. Жумладан:

Ҳисобот йилида республикада фаолият кўрсатаётган 579 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар бўйича маълумотлар таҳлил қилиниб, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган 277 минг субъект хатловдан ўтказилди.

Натижада, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг экологик талабларга мувофиқлиги бўйича давлат экологик экспертизаси доирасида 30 мингдан ортиқ лойиҳа кўриб чиқилиб, шундан 1400 таси экологик талабларга жавоб бермаганлиги сабабли, қайта ишлашга қайтарилди (2014 йилда – 420 та).

Бундан ташқари, давлат экологик экспертизасидан умуман ўтказилмаган – 8 минг 800 та,  атроф муҳитни ифлослантирувчи, экологик назорати олиб борилиши лозим бўлган ҳамда экологик сертификатсиз фаолият юритаётган 4 мингдан ортиқ субъектларни экологик меъёрлаш, сертификатлаш ва ишлаб чиқариш назоратига жалб қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик фаолияти учун қулай
шарт-шароитлар яратиш, улар фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олишга қаратилган (05.10.2005й 3665-сон, 15.05.2015й 4725-сон) Фармонлари ижросини таъминлаш доирасида 2015 йилда текширишлар сони 2014 йилга нисбатан 11 фоизга қисқартирилди. 

Текширишлар режа-жадвалига мувофиқ, 2015 йилда жами 851 та субъектда, шундан 828 тасида режали, 23 тасида режадан ташқари қисқа муддатли текширишлар ўтказилди. 

Ҳисобот даврида атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбаларни махсус асбоб-ускуналар билан текширишлар сони 2014 йилга нисбатан 13,2 мингтага ортиб, 285 мингтани ташкил қилди.

Атмосфера ҳавоси, ер, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ҳамда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, 13 мингдан ортиқ тезкор назорат тадбирлари ўтказилди. Натижада браконьерлардан 216 та ов қуроли ва 1976 та тўр материаллари олиб қўйилди.

 Хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилган тезкор назорат тадбирлари давомида, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузган 23,8 мингдан ортиқ мансабдор шахс ва фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатаётгани учун фаолияти вақтинчалик тўхтатилган объектлар (асосан автотранспорт воситалари) сони ҳисобот йилида 2014 йилга нисбатан 17 фоизга ортиб 219 тани ташкил қилди.

Атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддаларни белгиланган меъёрдан ортиқча ташлаган ва оқизган 14,8 мингдан зиёд ифлослантирувчи манбалар аниқланиб, ҳуқуқбузарлардан 1,6 млрд. сўм компенсация тўловлари ундирилди.

Ҳисобот йилида атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш бўйича ундирилган жарима ва даъволар суммаси 2014 йилга нисбатан 33 фоизга ортди ва 4 млрд. 34 млн. сўмни ташкил этди.

Умуман олганда, 2015 йилда атроф муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун табиатни муҳофаза қилиш жамғармаларига тушумлар 2014 йилга нисбатан 27 фоизга ортиб, 16 млрд. 200 млн.сўмни ташкил қилди, шундан давлат бюджетига ажратмалар 44 фоизга ўсиб, 9 млрд. сўмни ташкил қилди.

Ҳурматли сенаторлар,

Ҳисобот даврида барқарор экологик ҳолатни таъминлаш, экологик вазиятни соғломлаштиришга йўналтирилган давлат дастурларини бажариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 Вазирлар Маҳкамасининг 142-сонли қарори билан тасдиқлан Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича 5 йиллик  Дастури доирасида 2015 йилда 26 та тадбир тўлиқ якунига етказилди, қолган тадбирлар бўйича ишлар давом этмоқда.

Маълумот учун: Тадбирларнинг бажарилишига 201,5 млрд. сўм, 364,8 млн. АҚШ доллари,
15 минг Швейцария франки ва 139,0 минг евро миқдорида маблағ сарфланди. 

Тадбирларнинг бажарилишида қуйидаги натижаларга эришилди:

Дамхўжа сув таъминотини қайта таъмирлаш ишлари якунланиши натижасида, Навоий вилоятининг Навоий, Қизилтепа, Кармана, Конимех ҳамда Бухоро вилоятининг Галаосиё, Ромитан, Вобкент, Ғиждувон ва Янгибозор шаҳарларида истиқомат қилувчи 600 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди.

Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида 68 км оқова сув тизимлари қайта таъмирланди (Бухоро – 34,5 км, Самарқанд – 33,9 км).

Термиз шаҳрида оқова сув тозалаш иншооатларида қурилиш
ва монтаж ишлари якунланди, 18 км узунликдаги оқова сув тизимлари қайта таъмирланди.

Қўқон шаҳрида 70 км узунликда оқова сув тизимлари қайта таъмирланиб, ишга туширилди.

“Олмалиқ КМК” ОАЖ ишлаб чиқаришда янги ва камчиқитли технологияларни жорий этиш мақсадида, мис эритиш заводида янги олтингугурт кислотаси цехини қуриш ишлари якунланди, натижада заводдан атмосфера ҳавосига олтингугурт оксидлари ташламаларини йилига 45 минг тоннага қисқариши кутилмоқда.

Ҳурматли сенаторлар, йиғилиш қатнашчилари

Бугунги кунда кенг қамровли ишларни амалга ошириш мақсадида Республика даражасида, вилоят ҳудудлари кесимида комплекс чора-тадбирлар асосида ишларни амалга оширмоқдамиз.

Хусусан, Қўмита ташаббуси билан биринчи марта “Атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ва биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни қайта тиклаш тадбирларини амалга ошириш юзасидан 2015 йил учун ҳудудий дастурлар” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. (Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди, 12.03.2015й.).

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 8 та йўналишда 689 та тадбир амалга оширилди.

Маълумот учун: Унинг натижасида, 2015 йил якунига кўра тадбиркорлик субъектлари хўжалик фаолиятининг экологик талабларга мувофиқлиги бўйича давлат экологик экспертизаси органлари томонидан 30 мингдан ортиқ лойиҳалар кўриб чиқилиши натижасида атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи 2890 та республика корхоналарида экологик меъёрлар ўрнатилиб, бу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 22% га ўсди.

Давлат экологик сертификатлаш йўналишида 4170 та  экологик сертификатлар юридик ва жисмоний шахсларга расмийлаштириб берилди. Натижада 1461 та корхоналар томонидан чиқиндиларни мақсадли қайта ишлаши назоратга олинди. Шунингдек, 2709 та корхоналар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологик жараёнларда экологик меъёр талаблари бажарилди.

Табиатни муҳофаза қилиш жамғармаларига тушган тушумлардан давлат бюджетига ўтказмалар 9,0 млрд. сўмни ташкил этиб, 2014 йилга нисбатан 44,4% га ўсди.

Ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ва алоқаларни ривожлантириш борасида умумий қиймати 200 млн. доллардан ортиқ бўлган жами 112 та янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Умумий қиймати 10 млн. долларга тенг 4 та янги лойиҳани амалга ошириш бошланди. Шу билан бир қаторда, 48,8 млн. долларлик 26 та лойиҳа бўйича чет эл мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб борилди.

Вазирлар Маҳкамасининг (19.01.2015й) “2015-2017 йилларда ўрмон хўжаликлари тизимини ривожлантириш, доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар хом-ашёсини етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёнида белгиланган вазифалар амалга оширилди:

–  81 турдаги доривор, озиқ-овқатбоп  ва техник ўсимликларни териш-йиғиш учун 23,3 минг тонна квота тасдиқланди;

– республика бўйича 52 нафар тадбиркорга плантация ташкил этиш учун 9,5 минг гектар ер майдони ажратилди, 30 нафар тадбиркор томонидан 3,7 минг гектар ер майдонида плантация ташкил қилинди ва 17 турдаги доривор ўсимлик турларини етиштириш йўлга қўйилди. 21 нафар тадбиркорга плантация ташкил этишга табиатдан 22 тонна ёввойи ўсимликнинг қаламча ва уруғини териш-йиғиш учун рухсатнома берилди;

– 74 турдаги доривор ўсимликни плантацияда етиштириш бўйича “Доривор ва озиқ-овқатбоп  ўсимликлар платнацияларини ташкил этиш ва хом ашёсини тайёрлаш бўйича Йўриқнома” ишлаб чиқилиб, амалиётда қўллаш учун тарқатилди.

Ёввойи ҳайвонларни овлашга 372 та, республика ҳудудига ёввойи ҳайвонларни олиб кириш ва ундан олиб чиқишга 582 та (шундан 273 та рухсатнома CITES Конвенцияси бўйича), 213 та техник, озиқ-овқат, доривор ўсимликларни йиғиш ва ғамлаш учун ҳамда 277 та республика ҳудудидан ёввойи ўсимликларни олиб чиқишга рухсатномалар берилди.

Табиий ва сунъий сув ҳавзалари 57 млн. 700 минг дона чавоқлар билан балиқлантирилиб, ушбу сув ҳавзаларидан балиқ овлаш ҳажми 2014 йилга нисбатан 23 фоизга ўсди ва 60,0 минг тоннани ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган “Биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш ва республика табиий сув ҳавзаларида барқарор экологик вазиятни таъминлаш бўйича комплекс тадбирлар дастури” ижроси таъминлаб борилди.
(15.08.2014й.).

Ушбу дастурдаги 6 та йўналиш, 31 та банддан иборат бўлган
53 та тадбир Иқтисодиёт, Молия, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ички ишлар вазирликлари, Давлат божхона ва Солиқ қўмиталари, “Ўзгидромет” Маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Табиий сув ҳавзаларида интенсив усулда балиқ етиштириш мақсадида, 2015 йилда 418 та қафас (садок) мосламалари ўрнатилди.

Маълумот учун: Балиқ етиштиришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида, Самарқанд стеклопластик заводида пластик бассейн дизайни ишлаб чиқилиб, жорий қилинди. Республикада инкубация аппаратларини таъмирлаш ва янгиларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши натижасида, Қорақалпоғистон Республикаси (2та), Хоразм (2та), Самарқанд (2та), Андижон, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида (1та) инкубация цехлари қурилиб ишга туширилди.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри юритилиши ва улар ҳисобини олиб бориш борасида Қўмита томонидан Фанлар академияси, “Ергеодезкадастр” қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва бошқа тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳуқуқий мезонлар Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 сентябрдаги 343-сонли қарори билан тасдиқланган низомлар асосида ўрганиб чиқилди.

Ушбу йўналишдаги ишларни ривожлантириш ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни ўз ичига олган комлекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди (03.11.2015й, БА-01/20-4947-сонли), юқорида қайд этилган низомларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланди.

Бундан ташқари, “Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари ва улардан фойдаланишнинг давлат ҳисобини олиб бориш, давлат кадастрини юритиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, чиқиндиларни кўмиш ва утилизация қилиш жойлари кадастрини юритиш тартибини яхшилаш бўйича “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси билан қўшма чора-тадбирлар режаси”  ишлаб чиқилиб тасдиқланди (03.09.2015й.).

 Амалга оширилган ишлар натижасида “Ҳисор” давлат қўриқхонаси ҳудудида 17 турдаги ҳайвон ва 20 турдаги ўсимлик, “Жайрон” экомаркази ҳудудида 24 турдаги ҳайвон, шунингдек Самарқанд ва Жиззах вилояти ҳудудларида учрайдиган камёб ва йўқолиб бораётган 19 турдаги ўсимликни ҳисобга олинди ва географик маълумотлар базасига киритилди.

Натижада, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари кадастрини шакллантириш кўрсаткичи 2014 йилга нисбатан 35 фоизга ўсди.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бўйича республикадаги мавжуд 8 та қўриқхона, 9 та буюртмахона ва 2 та миллий боғлар кадастри географик маълумотлар базасига киритилиб, бу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 48 фоизга ўсди.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кадастирини юритиш натижасида Бухоро вилоятида – 23 турдаги ўсимлик ва 20 турдаги ҳайвон, Қашқадарё вилоятида – 11 турдаги ўсимлик ва 51 турдаги ҳайвон, Навоий вилоятида – 156 турдаги ўсимлик ва 115 турдаги ҳайвон, Самарқанд вилоятида – 298 турдаги ўсимлик ва 269 турдаги ёввойи ҳайвонлар ҳисобга олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кадастрини юритишга жорий йилда Табиатни муҳофаза қилиш жамғармаси ҳисобидан 700 млн. сўм маблағ сарфланиши режалаштирилди.

Ҳисобот даврида атмосфера ҳавоси, тупроқ, ер усти ва ер ости сувлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ҳолати, атроф-муҳитни ифлослантирувчи объектларда аналитик назоратнинг услубий қўлланмалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “2011–2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида мониторинг Дастури” ижроси таъминланди ва якунланди. (31.10.2011й 292-сон)

Таъкидлаш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 3 декабрдаги “Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 315-сонли қарори ижроси бўйича ишлар тўлиқ якунланмаган.

Хусусан, 2015 йилда республика бўйича 2120 та чиқинди тўплаш шохобчаларини қуриш режаси белгиланган бўлиб, амалда 808 таси қуриб фойдаланишга топширилди ва белгиланган режа 38 фоизга бажарилди.

 Таҳлилларга кўра, Тошкент вилоятида 329 та ўрнига 83 та (25%), Жиззахда 230 та ўрнига 10 та (4,3%), Қашқадарёда 149 та ўрнига 7 та (4,6%), Самарқандда 161 та ўрнига 19 та (11,8%), Сирдарёда 188 та ўрнига 3 та (1,5%), Андижонда 174 та ўрнига 34 та (19,5%), Навоийда 101 та ўрнига 81 та (80%), Фарғонада 279 та ўрнига 184 та (66%), Қорақалпоғистон Республикасида 134 та ўрнига 80 тага (60%) бажарилган.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари,

Давлат экологик экспертизасини ўтказиш жараёнида асосий эътибор энергия тежамкор ва кам чиқитли технологияларни қўллашга қаратилди.

Хусусан, Бухоро вилоятида Бухоро, Когон, Ромитан ва Қоровулбозор туманларидаги 11 та тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этилаётган иссиқхоналарда муқобил энергия манбаларидан, томчилаб суғориш технологияларидан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Ҳисобот даврида республикадаги 10 та корхона томонидан ишдан чиққан ва таркибида симоб моддаси бўлган 579,0 минг дона люминесцент лампалар зарарсизлантирилди (2014 йилда – 552,8 минг дона).

“Тошрангметзавод” ОАЖ томонидан ишдан чиққан, яроқсиз ҳолга келган жами 159 тонна компьютер техникалари қайта ишланиб, улар таркибидаги рангли металлар ажратиб олинди.

“Экостром плюс” МЧЖ томонидан “Қизилқумцемент” корхонасига етказиб берилган 70 минг тоннадан ортиқ кул иккиламчи хом-ашё сифатида фойдаланилиб, утилизация қилинди.

“GM-Ўзбекистон” қўшма корхонасининг фаолиятида ҳосил бўлган
197 тонна бўёқ чиқиндиси ва 827 тонна яроқсиз автошина чиқиндиларини қайта ишлашга ихтисослашган 8 та корхона томонидан утилизация қилинди (“Тошкент шина таъмирлаш заводи”, “А.Мадина” МЧЖ, “Руббер продукт” МЧЖ, “Гольд паритет” МЧЖ, “Бурёнок люкс” МЧЖ, “Наманган шуъба пласт” МЧЖ, “Узрубероид” МЧЖ, СП “Ал-саид”).

Қўмита томонидан вилоятларидаги ижтимоий муҳим объектларга, тадбиркорлик субъектларига 307 та (2014 йилда – 52 та) қуёш батареялари ўрнатилди ва йилига 73,8 кВт электр энергияси тежашга эришилди. Натижада ўтган йилда 1,7 минг метр куб табиий газ иқтисод қилиниб, атмосфера ҳавосига 3,2 тонна углерод оксиди ташланиши олди олинди. 

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида Қўмита томонидан шартномалар базасини  кенгайтириш ва амалдагиларнинг ижросини таъминлаш, мамлакатдаги экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган хорижий инвестицияларни жалб қилишга эътибор қаратилди. 

Ўтган йилда жами 17,3 млн. АҚШ долларга тенг 9 та лойиҳа, шу жумладан, биохилма-хилликни сақлаб қолиш борасида 12,9 млн. долларлик 5 та лойиҳа, кимёвий воситаларни бошқаришни тартибга солиш борасида 4,2 млн. долларлик 2 та лойиҳа бўйича ишлар олиб борилди.

Натижада, умумий қиймати 9,7 млн. АҚШ долларига тенг 4 та лойиҳани амалга ошириш бошланди (2014 йилда 3,9 млн. АҚШ доллар).

Бундан ташқари, умумий қиймати 200 млн. АҚШ доллари бўлган жами 112 та янги лойиҳалар ҳужжатлари ишлаб чиқилди.

Шулардан Оролбўйи минтақасида экологик ҳолатни яхшилаш бўйича жами 68,5 млн. АҚШ долларлик 17 та лойиҳа ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндилар бошқарувини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва бошқа экологик тоза технологияларни кенг жорий қилишга йўналтирилган қиймати 65 млн. АҚШ долларга тенг жами 67 та лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди.

Чет эл мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш
ва ривожлантириш борасида
Испания, Франция, Германия, Польша мамлакатлари ва уларнинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги 4 та (2014 йилда 1 та) халқаро шартномалар лойиҳалари тайёрланди.

Латвиянинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий ривожланиш вазирлиги билан қўшма иш-режа имзоланди. Ҳозирда, Хитой, Россия, Корея мамлакатлари билан 3 та ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги иш режалари ишлаб чиқилди.

Биохилма-хилликни муҳофаза қилишга йўналтирилган конвенциялар доирасида, Ўзбекистон Республикасининг биохилма-хилликни сақлаб қолиш стратегияси ва иш режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди, мамлакат ҳудудидаги 2 та сув ҳавзасини халқаро Рамсар рўйхатига киритиш ишлари олиб борилди.

Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 23.05.2013й.даги 142-сон қарорига асосан Навоий вилояти ҳудудидаги Тўдакўл ва Қуюмозор сув омборларида ва улар атрофидаги ҳудудлар (жами майдони майдони 34,5 минг гектар) Рамсар рўйхатига киритиш учун тавсия қилинди.

Халқаро аҳамиятга эга 10 дан ортиқ (2014 йилда 2 та) конференция ва бошқа турдаги анжуманлар, жами 80 дан ортиқ икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилди. Хусусан, Европа Иттифоқининг ва Европанинг иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг атроф-муҳит масалалари бўйича ишчи гуруҳлари мажлислари, Сайғоқларни муҳофаза қилиш бўйича Бонн конвенциясининг Меморандуми томонларининг навбатдаги мажлиси ва бошқалар.

Маълумот учун: Мажлисда 5 та мамлакат (Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Монголия) ва 37 та халқаро ва жамотчилик ташкилотаридан 80 га яқин иштирокчилар қатнашиб, Cайғоқларни бугунги кундаги ҳолати, уларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, ҳамда келгусидаги устувор масалалар кўриб чиқилди. Мажлис якунлари бўйича Сайғоқларни муҳофаза қилиш Меморандумининг 2016-2020 йилларга мўлжалланган тадбирлар дастури қабул қилинди.

Ҳурматли сенаторлар,

Бугунги кунда аҳоли ўртасида экологик билимни кенг тарғиб қилиш, экологик таълим-тарбияни янада ривожлантириш муҳим ўрин тутади.

Аҳолининг экологик маданиятини ошириш, фуқароларда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш масъулиятини шакллантириш мақсадида, ҳисобот даврида республика миқёсида 2 мингдан ортиқ анжуман, семинар-тренинг ва давра-суҳбатлари, шу жумладан 8 та медиатур, халқаро экологик саналарга бағишлаб 30 дан зиёд тадбирлар ўтказилди.

Маълумот учун: Жумладан, “Ўзбекистон биохилма-хиллигини муҳофаза қилишда Рамсар сув-ботқоқли ҳудудларнинг ўрни ва истиқболлари” мавзусидаги матбуот анжумани, “Умумжаҳон сув куни” доирасида “Туя-бўғиз” сув омборига медиа-тур, 5 июнь Умумжаҳон атроф-муҳит кунига бағишланган “Экоҳафталик – 2015” ахборот-маърифий тадбирлари шулар жумласидандир.

Бугун мамлакатимизда экологик маданиятни юксалтиришда БМТ Европа Иқтисодий Комиссиясининг барқарор ривожланиш учун экологик таълим бўйича Стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Концепцияси тамойилларини миллий таълим тизимига сингдириш ва амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, мазкур Концепция тамойилларини 2015-2017 йиллар давомида миллий таълим тизимига сингдириш мақсадида, тегишли Ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди (10.02.2015й., №7/1-4745).

         Бундан ташқари, Қўмита ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ўртасида 2015 йилда имзоланган “Атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда барқарор ривожланиш соҳасида фан ва таълим бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум” доирасида фаолият олиб борилди.

Ҳар йили республикамизда 320 га яқин бакалавр ва магистр эколог мутахассислар тайёрланмоқда. Уларнинг услубий ва амалий, битирув амалиётлари Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида ўтказилади. Барқарор тараққиёт мақсадларидаги таълимни ўрта-махсус таълим тизимида таҳсил олувчи талабалар ўртасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, энг яхши тажрибалар билан таништириш мақсадида, коллеж ҳамда лицейларда 50 дан ортиқ учрашув, семинар ва конференциялар ташкил этилди.

Умуман олганда, аҳоли ўртасида экологик билимни кенг тарғиб қилиш, экологик таълим-тарбияни янада ривожлантириш мақсадида 2015 йилда оммавий ахборот воситаларида жами чиқишлар сони 5190 тани ташкил этиб, шу жумладан теле ва радио дастурларда 3072 та чиқишлар,
босма нашрларда 2118 та экологик мавзуларда мақолалар эълон қилинди. Ҳисобот даврида ушбу кўрсаткичлар 2014 йилга нисбатан телевидениеда ва радиода 9 фоизга, газета ва журналларда 7 фоизга ортди.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2412-сонли қарорига мувофиқ, 2016 йил
1 январдан сувдан махсус фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномалар бериш хизматлари “ягона дарча” хизматлари доирасида жорий этилди.

Ҳурматли раис, сенаторлар,

Республикада экологик мувозанатни сақлаш ва аҳоли саломатлиги учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида ҳамда республика иқтисодиётининг жадал ривожланиши, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишдаги долзарб масалалардан келиб чиқиб, қуйидагиларни Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йилдаги муҳим устувор вазифалари сифатида белгилаб олмоқчимиз:

1. Чуқур таҳлиллар асосида кейинги 5 йилликда амалга ошириладиган 2016-2020 йилларда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш.

Ҳозирги кунда, мазкур комплекс чора-тадбирлар дастури лойиҳаси 53 та вазирлик ва идоралар, ҳамда маҳаллий ҳокимлик органлари билан биргаликда ишлаб чиқилиб, уни келишиш жараёни якунига етказилмоқда.

Ушбу дастур 7 та устувор йўналишдаги 153 банддан иборат бўлиб қуйидагиларни ўз ичига олади:

Биринчидан, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

Иккинчидан, аҳоли учун кафолатланган сифатли атроф муҳит ва экологик хавфсиз шароитни яратиш;

Учинчидан, технологик жараёнларни такомиллаштириш, ресурларни тежаш сиёсатини юритиш орқали иқтисодиётни экологизациялаштириш;

Тўртинчидан, информацион-технологияларни ривожлантириш орқали атроф-муҳит мониторинги ва кадастри юритишни такомиллаштириш, ҳамда идоралараро маълумотлар алмашиш тизимини мувофиқлаштириш;

Бешинчидан, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан халқаро ҳуқуқий-шартномавий базани кенгайтириш ва атроф-муҳит масалаларига чет эл инвестицияларини жалб қилиш;

Олтинчидан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, экологик тушунча ва дунё қарашни кенг тарғиб қилиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларини кучайтириш;

Еттинчидан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назорати ва мониторингини амалга оширувчи давлат органларининг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини ривожлантириш.

Мазкур тадбирларни амалга ошириш натижасида қуйидагиларга эришиш кутилмоқда, жумладан:

- атроф муҳитни муҳофаза қилиш фаолиятини комплекс бошқариш ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган 51 та ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатни қабул қилиш, шундан 2016 йилда 2 та Қонун ҳамда 6 та Вазирлар Маҳкамаси қарори;

- янги технологиялардан фойдаланиш ҳисобига, атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи ташламалар 500 минг тоннага босқичма босқич камайтириш;

Маълумот учун: рангли металларни эритиш, Евро-3,  Евро-5 талабларига жавоб берадиган автомобил ёқилғисини ишлаб чиқиш,  йўлдош газларни утилизация қилиш, “Ўздонмаҳсулот” ва “Пахтасаноат холдинг” компанияси таркибига кирувчи корхоналарида  замонавий чанг газ тозалаш ускуналарини жорий қилиш, ностандарт иситиш ва иссиқ сув таъминоти қозонхоналарини замонавий энергия самарадорларига алмаштириш,  қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш, шунингдек, автотранспорт воситаларини газ ёқилғисига ўтказишни давом эттириш.

- республиканинг 30 та шаҳар ва туман аҳоли яшаш пунктларида канализация ва тозалаш иншоотлари фаолиятини 80 фоизгача такомиллаштириш, тозалаш иншоотларининг оқова сувлар билан ифлосланишини кунига 2,4 млн. метр куб хажмга камайтириш;

Маълумот учун: Урганч, Қарши, Бухоро, Самарқанд, Нукус, Гулистон, Наманган, Андижон, Навоий, Жарқўрғон, Чирчиқ, Янгийўл ва Тошкент шаҳарларидаги мавжуд тозалаш ншоотларини реконструкция ва модернизация қилиш.

- 1222,0 гектардан ортиқ майдонда қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва кўмиш жойларининг санитар-экологик ҳолатини яхшилаш; 

Маълумот учун: Мавжуд чиқиндихоналарни ўрганганилганда фақатгина Жиззах вилоятида 250 та татартибсиз ҳолда маиший чиқиндиларни жойлаштириш ҳолатлари аниқланди. Биз бошқа вилоятларни ҳам ўрганганимизда дарёлар, каналлар, коллекторлар, йўл ёқаларига маиший чиқиндилар тартибсиз равишда тўкилган ҳолатлари 16 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

- йўқолиш арафасида турган ҳайвон турларини кўпайтириш ва тиклаш учун 7 та питомник ташкил қилиш, ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимликларни 70 фоиздан ва ҳайвонларнинг 90 фоиздан ортиқ турлари ҳимоя қилиш;

- табиий сув ҳавзалари ва йирик сув омборлари яқинида йилига
400 млн. дона балиқ чавоқлари ишлаб чиқариш хажмига эга бўлган парваришхоналар ва инкубация цехлари ташкил этиш;

- ҳориждан импорт қилинаётган дори-дармонлар ўрнини босувчи маҳаллий дори-дармон маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида, уларнинг хом-ашё базасини яратиш ҳамда ишлаб чиқарувчи корхоналарни таъминлаш мақсадида 2,3 минг гектардан ортиқ майдонда доривор ўсимликлар плантацияларини яратиш ва бошқалар.

2. Республикада қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, шу жумладан уларни алоҳида тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш, чиқиндихоналарни ва уларнинг санитар-гигиеник ҳолатини тартибга солишни замонавий талаблар ва стандартлар асосида босқичма-босқич амалга оширишга йўналтирилган “Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси” лойиҳасини йилларда ишлаб чиқиш.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги 142-сонли қарори билан тасдиқланган 2013–2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастуридаги (52 та тадбир) ва ҳудудий дастурлардаги (281 та тадбир) жами 333 та тадбирни масъул корхона ва ташкилотлар томонидан бажарилишини таъминланишини тизимли назорат қилиш ва мувофиқлаштириш. 

4. 2016-2018 йилларда республиканинг экотуризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида қуйидаги 4 та йўналишда, яъни:

1. Экологик туризмни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий, илмий-услубий, техник ва институционал асосларини яратиш;

2. Ҳудудларда экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш;

3. Экотуристик маҳсулотларни диверсификация қилиш;

4. Ўзбекистоннинг экотуристик салоҳиятини ички ва ташқи бозорларда кенг тарғиб қилишдан иборат комплекс тадбирларни амалга ошириш.

Маълумот учун:

Комплекс тадбирларни амалга ошириш доирасида жами 81 та, шу жумладан 66 та ҳудудий ва 15 та республика миқиёсидаги тадбирдан иборат бўлан экотуризм ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш режалаштирилган. Ушбу ишларни амалга ошириш натижасида 106 та экотуризм объектлари инфратузилмаларини барпо этиш ва ривожлантириш.

- экологик туризмни ташкил қилиш имкониятларини ҳисобга олган холда 4 та давлат қўриқхоналари: Сурхон, Хисор, Зарафшон, Нурота давлат қўриқхоналари, Угом-Чотқол табиат боғларида, ҳар бир зонанинг режими аниқланган холда қўриқланадиган зоналар белгиланади;

- 83 та экотуристик салоҳиятга эга объектлар, жумладан  қўриқланадиган ҳудудлар яқин атрофида жойлашган қишлоқ ҳудудларида, маҳаллий аҳолини жалб қилган ҳолда 200 дан ортиқ стационар ва мавсумий жойлаштириш объектларидан иборат туристик инфратузилма ташкил қилинади;

Бойсун ўрмон хўжалиги негизида 1 та Миллий табиий боғ,  Муборак ўрмон хўжалигида Муборак ўрмон-овчилик хўжалиги ва Кўнғирот, Далварзин, Қозоқдарьё ва Қоракўл ўрмон-овчилик хўжаликларида Қизил Китобга киритилган ҳайвон ва қушларни кўпайтириш бўйича 4 та питомник, бир қатор визит марказлар ташкил қилинади;

экологик туризмни ривожлантириш, туризмнинг спорт-соғломлаштириш ва бошқа фаол йўналишлари бўйича туристик маршрутларни ишлаб чиқиш истиқболлари ўрганилиб, янги 300 дан ортиқ маршрутлар жорий қилинади;

- 78 таэкотуристик салоҳиятга эга объектлар, тарихий обидалар, қўриқланадиган ҳудудларига олиб борадиган инфраструктурани ривожлантиришга (йўлларни қайта тиклаш, қуриш, мехмонхоналар ташкил этиш) оид таклифлар ишлаб чиқилиб, инвестицион дастурларга киритилади;

- 94 та объектнинг экотуристик маҳсулотлари диверсификация қилинади;

- 90 та экотуристик салоҳиятга эга объектларда экологик маршрутларга оид ахборот, йўл кўрсатувчи стендлар ўрнатилади.

5. Балиқчилик тармоғини ривожлантириш мақсадида, Айдар-Арнасой кўллар тизими Дирекциясини ташкил қилиш. Кўллар тизимини марказлашган ҳолда ҳар йили 20 млн. дона балиқ чавоқлари билан балиқлантириш, балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослашган питомниклар ва инкубацион цехларни қуриш ишларини амалга ошириш.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида жойлашган (Жылтырбас, Судочье, Рыбачьи) кўлларда балиқчиликни ривожлантириш ва бошқариш юзасидан Давлат унитар корхонасини ташкил этиш орқали, ушбу кўллар атрофида инфратузилмани ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш, балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослашган питомниклар ва инкубацион цехларни, балиқни қайта ишлаш мини цехларини қуриш. Шу билан биргаликда ушбу кўлларни марказлашган ҳолда баҳор, куз фаслларида балиқлантириш ишларини тизимли равишда олиб бориш.

6780 млн. дона балиқ личинкалари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 18 та инкубация цехлари, 130 млн. дона балиқ чавоқлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 68 та парваришхоналарни ташкил қилиш ишлари назоратини таъминлаш.

7. Ўзбекистон экологик ҳаракати, “Камолот” ЁИҲ, ННТ миллий Уюшмаси ҳамда “Маҳалла” жамоат фонди билан ҳамкорликда жамоатчилик экологик назорати талабларини тадбиқ этиш бўйича 22 та тадбирдан иборат Йўл харитасини амалга ошириш.

 Маълумот: Жамоатчилик экологик назоратини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида республиканинг барча минтақаларида кенг кўламли ахборот тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг 20 мингдан зиёд вакилларидан иборат бўлган экологик назоратнинг жамоат инспекторларига номзодлар рўйхати шакллантирилди.

8. Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 августдаги 255-сонли қарорида белгиланган устувор вазифалар ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чет эл мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар (донорлар) билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва ривожлантириш.

Ҳурматли раис, сенаторлар, Қўмита томонидан 2015 йилда амалга оширилган ишлар бўйича қисқача ҳисоботим шулардан иборат.

2016 йилга режалаштирилган устувор вазифалар бажарилиши таъминлаш, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш бўйича белгиланган мақсадлар бажарилиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!

2017-01-25

Фотогалерея

ntesting mood

Территориальные комитеты