Давлат экология қўмитаси томонидан 2022 йилнинг дастлабки матбуот анжумани ўтказилди
07.
01. 2022
19:17
1072
Новости

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йилнинг 30 декабрь куни имзоланган «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-46-сонли фармони, шунингдек, «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-76-сонли қарорининг мазмун-моҳияти ва долзарб аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Президент фармони ва қарорида соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва муваффақиятини таъминлаш қатор долзарб вазифалар қўйилган. Ушбу вазифаларнинг ижрочилари ва муддатлари аниқ кўрсатилган.

Жумладан:

– бутун мамлакат миқёсида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш;

– илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлилларни амалга ошириш ҳамда бунинг натижасида ҳудудлар кесимида республика харитасини ишлаб чиқиш;

– кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш;

– ҳудудларда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни барпо этиш;

– дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш;

– ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъул бўлган шахсларни белгилаш, бу борада рағбатлантириш механизмларини кенг жорий этиш;

– дарахтларни шикастлантириш ва нобуд қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини янада ошириш.

Фармон билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш бараварга, ўсимлик дунёсига етказилган зарар суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

Мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги даражаси (рейтинг баҳоси) бир поғона пасайтирилади. Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди (эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган бино ва иншоотларни реновация қилиш бундан мустасно).

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилишни назарда тутувчи кўрсатмаларни ўз ичига олган ҳукумат фармойишлари, баённомалар, ёзма топшириқлар, идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг кўрсатмалари ва қарорларини қабул қилиш қатъиян тақиқланади.

Жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ аҳоли томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари акс эттирилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида асосли хабар берганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ҳар йили куз ва баҳор мавсумларида кўчат экиш ва сақлаш ишларини ташкил этиш бўйича «яшил ҳафталик» тадбирлари ўтказилади. «Яшил ҳафталик» тадбирларида бажариладиган барча ишлар ва ўтказиладиган тадбирлар ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ва қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан аҳолига бепул кўчат тарқатиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига кўчатлар етказиб беради ҳамда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»га дарахт экиш мақсадида келган фуқароларни кўчат экиш учун зарур жиҳозлар билан таъминлайди.

Кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган шахсларни Давлат экология қўмитаси томонидан «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш амалиёти жорий этилади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы