ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

«КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИНГ ҚОИДАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида:

1. 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури (кейинги ўринларда — Давлат дастури) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Давлат дастурига киритилган тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминласин.

2. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси 2-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Маълумот учун қабул қилинсинки, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш;

коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш;

коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш.

3. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлари барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийлиги белгилаб қўйилсин.

4. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияларни тузсин ва уларнинг фаолиятини ташкил этсин.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияларга тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари бошчилик қилиши белгилаб қўйилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Миллий ахборот агентлиги Давлат дастурининг амалга оширилиши юзасидан ахборотнинг оммавий ахборот воситаларида ҳар томонлама ва тизимли равишда ёритилишини таъминласин.

(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 декабрдаги ПФ-5892-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.12.2019 й., 06/19/5892/4134-сон) 

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б. Абдуллаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2017 йил 2 февраль,
ПҚ-2752-сон