Чиноз туманида сайёр қабул ўтказилди
29.
03. 2021
21:39
2858
Янгиликлар

2021 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Максудов Тошкент вилояти Чиноз туманида сайёр қабул ўтказди.

Тадбирда фуқароларнинг соҳага оид муаммолар бўйича мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди. Кўтарилган масалаларнинг аксариятини жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни назорат қилишда жамоатчилик роли муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳам фуқароларнинг фаоллиги ошган. Қабулнинг асосий мақсадлардан бири ҳам ана шу имкониятдан самарали фойдаланишдан иборат.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йил давомида Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига 782 та шикоят келиб тушгани, шундан 766 таси ижобий ҳал этилгани, 16 та ҳолат ижроси устидан эса қатъий назорат ўрнатилганини кўришимиз мумкин.

Жамоатчилик вакиллари томонидан йўлланаётган расмий мурожаатлардан ташқари ижтимоий тармоқлар орқали ҳам қонунбузарлик ҳолатларига муносабатлар билдирилмоқда. Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари ҳам ижтимоий тармоқларда баён этилган 28 та ана шундай ҳолатни жойида ўрганиб, тегишли чоралар кўрдилар.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга кўрсатадиган ёрдами беқиёсдир. Қўмита томонидан экологик назоратнинг бошқа субьектлари, жумладан, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантиришда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан доимий ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Давлат экология қўмитасига 2021 йилнинг ўтган даврида Тошкент вилоятидан жами 107 та (31 та виртуал қабулхона, 34 та ёзма, 42 та “Ишонч рақами” орқали) келган бўлса, шундан 94 тасига вақтида жавоб қайтирилган. Яна 13 та мурожаат эса белгиланган тартибда жойига чиқиб ўрганилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрда “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 541-сон қарорида атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳаларини жамоатчилик эшитувларидан ўтказиш тартиби белгилаб қўйилган. Жамоатчилик эшитуви атроф-муҳитга ва аҳоли соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётганлиги юзасидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг ҳақли шикоятларига сабаб бўлган ҳолатларда амалда фаолият кўрсатаётган I ва II тоифаларга мансуб фаолият турлари бўйича ўтказилиши мумкин.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Максудов сайёр қабулга келганларга шу каби масалаларнинг аҳамиятини тушунтирар экан, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Мулоқот расмиятчиликдан ҳоли тарзда ўтказилганини ҳам айтиб ўтиш керак.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар