Нуфузли тадбирда муносиб иштирок этилди
04.
03. 2022
15:54
1572
Тадбирлар

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н. Обломурадов бошчилигидаги делегация БМТ Атроф-муҳит ассамблеясининг давом эттирилган 5-сессияси (UNEA-5.2)да иштирок этди.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов ушбу халқаро тадбирнинг жорий йилнинг 28 февраль куни бўлиб ўтган тантанали қисмида ҳам иштирок этиб, маъруза қилган эди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 3-4 март кунлари 1972 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP@50) ташкил этилганининг 50 йиллигини нишонлашга бағишланган Ассамблеянинг махсус сессиясида табрик нутқи билан иштирок этди.

Давлат экология қўмитаси бу галги маърузасида давлатимиз томонидан Оролбўйида экологик ва ижтимоий вазиятни яхшилаш, хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорларни барпо этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритиб, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик Траст фондининг таъсис этилгани бу борада катта аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, 5 йил давомида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиш ва бу орқали 2030 йилгача шаҳарлардаги яшил ҳудудларни 30 фоизга етказиш каби эзгу мақсадларни кўзлаган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг аҳамиятига тўхталди.

Халқаро ҳамжамият эътиборига республиканинг яшил иқтисодиёт, яшил ўсиш, энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш тамойилларига босқичма-босқич ўтиш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасида фаолияти йўлга қўйилган Глобал яшил ривожланиш институти (GGGI)нинг ваколатхонаси ҳақида маълумот берилди.

Онлайн форматдаги иштироки давомида Ўзбекистон томони БМТ ташкилотлари ва иштирокчи давлатлар билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доимо тайёрлигини билдирди ҳамда тадбир иштирокчиларини БМТ шафелигида Нукусда ўтказиладиган «Яшил иқтисодиёт» халқаро форумида иштирок этишга таклиф этди.

Сессияда Марказий Осиё давлатларининг Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари, жумладан, Давлатлараро барқарор ривожланиш комиссияси, «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси каби минтақавий лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирда 140 дан ортиқ олий даражадаги вакиллар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари, котибият ва экология конвенциялари раҳбарлари сўзга чиқди.

БМТ Атроф-муҳит ассамблеясининг 5-сессияси (UNEA-5.2)да пластик ифлосланишга қарши резолюциясининг маъқуллангани ва пандемиянинг олдини олиш учун «Саломатлик учун табиат» кўп шериклик траст фонди ташкил этилишининг эълон қилингани тарихий воқеа бўлди.

 

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар