Цемент ишлаб чиқариш корхоналари: фаолият ва ҳақиқат
14.
02. 2020
17:28
1682
Янгиликлар

Сўнгги ойларда Давлат экология қўмитасига аҳоли, жамоатчилик ташкилотлари томонидан атроф муҳитга зарарли ташламалар ташлаётган йирик цемент ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти юзасидан шикоят ва мурожаатлар келиб тушмоқда.

Мурожаатлар асосида белгиланган тартибда бугунги кунда Қўмита томонидан “Қувасойцемент” ҳамда “Андижонцемент” корхоналарининг фаолияти текширилмоқда. Корхоналар рўйхати ва уларнинг фаолияти юзасидан батафсил маълумотлар текширув якунлари бўйича қўшимча маълум қилинади.

Эслатиб ўтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 22 ноябрдаги 949-сон қарорига кўра цемент ишлаб чиқариш корхоналари атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига мансуб (юқори даражали хавфли) фаолият тури деб белгиланган.

Цемент ишлаб чиқариш корхоналарининг ишлаш жараёнида табиий муҳитнинг барча компонентларига таъсир қилувчи асосий ифлослантирувчи модда чанг, хусусан майда дисперсли қаттиқ заррачалар ҳисобланади. Шунингдек улар фаолиятида атрф-муҳитга оқова сувлар чиқариб ташланади.

Давлат экология қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзгидромет марказининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда 2019 йил октябрь ойида 13 та цемент ишлаб чиқариш корхоналарига туташ ҳудудлар атрофидан атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли ташламалар бўйича намуналар олиниб, таҳлиллар ўтказилган ҳамда 5 та корхонада атмосфера ҳавосида ифлослантирувчи моддалар (чанг) миқдори рухсат этилган меъёрдан юқорилиги аниқланган.

Бугунги кунда ушбу корхоналар фаолиятида давлат назоратини ўрнатиш юзасидан белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш учун тегишли органларга мурожаат қилинган.


P.S. Корхоналар фаолиятига табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши нуқтаи назаридан холис баҳо бериш мақсадида текшириш режалаштирилаётган корхоналар номлари маълум қилинмади.

 


Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар