Андижон вилояти: «SING LIDA» МЧЖ қўшма корхонасининг фаолияти тўхтатилди
25.
02. 2020
16:55
1124
Янгиликлар

 

«SING LIDA» МЧЖ қўшма корхонасининг фаолияти тўхтатилди

Сўнгги ойларда Давлат экология қўмитасига аҳоли, жамоатчилик ташкилотлари томонидан атроф муҳитга зарарли ташламалар ташлаётган йирик цемент ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти юзасидан шикоят ва мурожаатлар келиб тушаётганлиги, шунингдек, Қўмита томонидан айни кунларда «SING LIDA» МЧЖ қўшма корхоналарининг фаолияти текширилаётганлиги тўғрисида маълум қилинган эди (http://eco.gov.uz/ru/site/news?id=448).

Давлат экология қўмитаси томонидан 2020 йил 12-21 февраль кунлари Андижон вилояти, Асака туманида жойлашган «SING LIDA» МЧЖ ҚК фаолиятида, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ижросининг таъминланиши юзасидан текшириш ўтказилди.

 


Текшириш даврида корхонанинг клинкер тайёрлаш печининг ишлаш жараёнида циклонларнинг бир нечта жойида туйнуклар мавжудлиги, ўз навбатида ифлослантирувчи моддаларнинг мазкур туйнуклардан тўғридан – тўғри атмосфера ҳавосига ташланаётганлиги;

клинкер тайёрлаш печидаги ифлослантирувчи моддаларни ташлаш 1- ва 2-манбалардаги чанг тозалаш ускунасининг самарадорлигини ўлчаш учун лаборатория таҳлиллари ўтказилганида, 1-манбадаги цемент чангини ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 53,1 % (лойиҳа бўйича 99,9%), 2-манбадаги чанг ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 60,7% (лойиҳа бўйича 99,9%) ни ташкил этиб, чангларни ушлаб қолиш самарадорлиги паст даражада эканлиги аниқланди.

Юқоридаги ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилган.

Аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш, атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни камайтириш мақсадида жамият балансида мавжуд бўлган, бугунги кунда экологик талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда ишлаб турган клинкер тайёрлаш печи ва цемент тайёрлаш тегирмони ускуналарининг фаолияти вақтинча тўхтатилди ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 22 ноябрдаги 949-сон қарорига кўра цемент ишлаб чиқариш корхоналари атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига мансуб (юқори даражали хавфли) фаолият тури деб белгиланган.



 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар