Идоралараро ишчи гуруҳнинг йиғилиши
29.
07. 2022
16:16
2809
Янгиликлар

Бугун Давлат экология қўмитасида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида тузилган Идоралараро ишчи гуруҳнинг дастлабки йиғилиши ўтказилди.  

Ушбу йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш, норуда фойдали  қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига таъсири юзасидан 2022 йил 8 июлдаги СҚ-570-IV-сон қарори билан киритилган Парламент сўровига жавобан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш ва унда кўтарилган масалалар бўйича Сенат аъзоларига асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғи ижроси доирасида ташкил этилди. 

Йиғилишда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат геология қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги,  Давлат солиқ қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, Кадастр агентлиги вакиллари иштирок этиб, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш, норуда фойдали  қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига таъсирининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Бунда, энг кўп қазиш ишлари олиб борилаётган ва табиий ландшафт бузилиши оқибатида экологик ҳолати ёмонлашган дарёларнинг муайян қисмлари бўйича қум-шағал қазиб олишни чеклаш ва мораторий жорий қилиш ҳамда шартнома ва рухсатномаларни босқичма-босқич бекор қилиш бўйича Давлат экология қўмитасининг Сув ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бошқармасининг ташаббуси кўпчилик томонидан маъқулланди.

Шу билан бирга, қазиш ишларини амалга ошириш учун тоғли ва тоғ олди ўлкаларда жойлашган муқобил қум-шағал конларини тадбиркорларга таклиф қилиш, тадбиркорларга қум-шағал карьерлари ташкил қилиш бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришга амалий ёрдам бериш, ушбу ҳудудларда кичик саноат зоналари ташкил қилиш, муҳандислик инфраструктура билан таъминлаш масалаларини ҳал этиш,  сув ҳавзалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарини ободонлаштириш, яшил рекреация зоналарини барпо этиш, қирғоқ бўйи минтақаларида жойлашган тош майдалаш ва саралаш цехларини кичик саноат  зоналарига кўчириш ва ўрнида балиқчилик хўжаликлари, дам олиш зоналари ташкил қилиш, дарё ва сойлар ўзанларини тозалашда лойиҳа параметрларига, гидрогеология, экология талабларига ҳамда шартнома шартларига риоя қилиш ва маркшейдерлик назоратини кучайтириш  каби таклифлар берилди.

Йиғилиш якуни билан юқоридаги масалаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳаси кўриб чиқилди ва галдаги вазифалар белгилаб  олинди.

Фойдали манбалар