Фаолият ҳақида 

1. Атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги — атроф табиий муҳитнинг ифлосланиш даражасини аниқлаш, унинг экологик ҳолатини баҳолаш, салбий жараёнларнинг оқибатларини прогноз қилиш бартараф этиш мақсадида атроф табиий муҳитнинг биотик ва абиотик компонентларининг ҳолатини, уларнинг ифлосланиш ва антропоген фаолиятнинг бошқа зарарли таъсирлари (жараёнлари) туфайли ўзгаришини ҳамда табиий ресурслардан фойдаланишни тасдиқланган дастур бўйича мунтазам кузатиш тизими;

– мониторинг объектлари — атроф табиий муҳитнинг биотик ва абиотик таркибий қисмлари ва табиий ресурслардан фойдаланиш, шунингдек, табиий муҳитга таъсирнинг табиий, техноген ва табиий-техноген омиллари ҳамда манбалари;

– атроф табиий муҳит мониторинги тизими — атроф табиий муҳитнинг давлат ва ишлаб чиқариш мониторингидан иборат бўлган мунтазам кузатишларнинг ўзаро боғлиқ тизими;

– Атроф табиий муҳит мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базаси — атроф табиий муҳитнинг ҳолати ва ифлосланиш манбалари тўғрисидаги ахборотни географик маълумотлар ҳамда зарур объектлар ҳақида улар билан боғлиқ бўлган ахборотни график визуаллаштириш орқали ГИС-технологиялар асосида тўплаш, таҳлил қилиш ва сақлашнинг электрон тизими;

– атроф табиий муҳитнинг ишлаб чиқариш мониторинги — атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг тегишли хизматлари томонидан амалга ошириладиган атроф табиий муҳит мониторинги тизимининг бир қисми ҳисобланган мониторинг;

– атроф табиий муҳит — табиий ва сунъий объектлар, шу жумладан атмосфера ҳавоси, Ернинг озон қатлами, ер усти ва ер ости сувлари, ер, ер қаъри, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;

– атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш — атроф табиий муҳитни сақлаш ва тиклашга, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг атроф табиий муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган давлат ва жамоатчилик чора-тадбирлари тизими;

– фон мониторинги — саноат ва хўжалик фаолияти объектларидан олисда бўлган, инсоннинг аралашишига минимал даражада жалб этилган ҳудудларга барча атроф табиий муҳит объектларида ифлослантирувчи моддаларнинг мавжудлик даражаси бўйича қўриқланаётган табиий ҳудудларда жойлашган стационар кузатиш пунктларида (постларда) амалга ошириладиган узоқ муддатли тизимли кузатишлар;

– махсус ваколатли давлат органлари — атроф табиий муҳитнинг давлат мониторингини амалга ошириш юклатилган давлат бошқаруви органлари;

– стационар кузатиш пункти (пост) — атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари намуналарини мунтазам олиш ва кейинчалик кимёвий таҳлил қилиш учун мўлжалланган приборлар ва ускуналар, шу жумладан, автоматик станциялар ўрнатилган ер участкасини ўз ичига олган, атроф табиий муҳитнинг ҳолатини ва унга таъсир кўрсатувчи манбаларини олдиндан тадқиқ этиш асосида танланган жойларда жойлашган комплекс.
     

2. Атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги  фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида” қонунининг 28-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 737-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тўғрисидаги Низом” талабалари асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитнинг ҳолати ва унинг ресурсларини кузатиш, ҳисобга олиш, уларга баҳо бериш ва уларнинг истиқболини белгилашни таъминлаш мақсадида атроф-муҳитнинг давлат мониторинги тизими ташкил этилади.

Атроф табиий муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан фойдаланиш устидан кузатув махсус ваколат берилган идоралар, шунингдек фаолияти атроф табиий муҳитнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган ёки ёмонлаштириши мумкин бўлган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф муҳит мониторинги Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказлари томонидан амалга оширилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси деб аталади) томонидан — атмосфера ҳавоси, ер усти сувлари ва тупроқ ифлосланиши манбалари мониторинги, шунингдек, Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги қўриқланадиган табиий ҳудудларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мониторингини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази томонидан — атмосфера ҳавоси ифлосланиши, ер усти (табиий сув оқимлари) сувлар, тупроқ ифлосланиши ва фон мониторинги бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан — асосий коллекторларнинг коллектор-дренаж ва мелиоратив қудуқлар сувларининг сифат таркиби мониторинги бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан — қишлоқ хўжалиги ерларининг ифлосланиши, шунингдек табиий яйловлар ўсимликларининг мониторинги бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан — ер ости сувлари ифлосланиши ва хавфли геологик жараёнлар мониторинги бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан — ўрмон фонди ерларидаги, шунингдек, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфидаги бошқа объектлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мониторинги бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан — атроф табиий муҳитнинг санитария-гигиеник мониторинги бўйича амалга оширилади.
 

Атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги қуйидагилардан иборат бўлади:

– атмосфера ҳавоси, ер усти сувлари ва тупроқ ифлосланиши (эмиссия) манбалари мониторинги;

– атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги;

– ер усти сувлари ифлосланиши мониторинги;

– коллектор-дренаж сувларининг сифат таркиби мониторинги;

– ер ости сувлари ифлосланиши мониторинги;

– хавфли геологик жараёнлар мониторинги;

– ернинг ифлосланиши мониторинги;

– ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мониторинги;

– атроф-табиий муҳитнинг санитария-гигиеник мониторинги;

– фон мониторинги.

Атроф табиий муҳит давлат мониторинги бўйича ишлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ва камида 5 йилда бир марта қайта кўриб чиқиладиган Атроф табиий муҳит давлат мониторинги дастури бўйича ўтказилади.

Атроф табиий муҳит давлат мониторинги махсус ташкил этилиб, мунтазам ўтказиладиган табиий муҳит ҳолатини кузатишларни (миқдор ва сифат кўрсаткичларини ўлчаш, намуналарни олиш, уларни таҳлил қилиш, пунктларда кузатиш, суратга олиш, текшириш, тадқиқотлар ўтказиш ва масофадан туриб кузатишни) ҳамда:

– атроф табиий муҳитга таъсир манбаларининг ҳолати;

– атроф табиий муҳитга таъсирнинг физик, кимёвий, геологик ва биологик жараёнлари ва омиллари;

– атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари, тупроқ ва геологик муҳит ифлосланиши даражасининг ҳолати;

– ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ҳолати, турли антропоген ва табиий омиллар таъсири остида уларнинг ўзгариши (трансформацияси) жараёнларидаги ўзгаришларни аниқлашни, баҳолашни ва прогнозлашни ўз ичига олади.

Атроф табиий муҳитнинг ҳолатини баҳолаш изчил (даврий ва жорий) кузатишларни, ўзгаришларнинг йўналиши ва интенсивлилигини умумлаштириш ва таҳлил қилиш, олинган кўрсаткичларни атроф табиий муҳитнинг сифат ҳолати нормативлари билан таққослаш йўли билан ва юзага келиши мумкин бўлган экологик зарарни ҳисобга олган ҳолда бажарилади.

Атроф табиий муҳит мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази базасида шакллантирилади. Марказ махсус ваколатли давлат органлари ҳамда атроф табиий муҳитнинг идоравий мониторингини олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тақдим этилган маълумотлар тўпланиши, сақланиши, қайта ишланиши ва таҳлил қилинишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази:

Атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базаси орқали:

– барча идоравий ахборот тизимлари билан ахборот бўйича ўзаро ҳамкорликни ташкил этади;

– атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши даражаси ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларни интеграциялаштиради ва таҳлил қилади;

– атроф табиий муҳит мониторинги бўйича давлат дастурлари бажарилишини, уларга тузатиш киритиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқилиши ва умумлаштирилишини назорат қилади;

– республика ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар доирасида экологик вазиятнинг ўзгаришларини прогнозлаштиради, атропоген фаолият натижасида табиий муҳитга етказиладиган зарарни баҳолайди;

– табиатдан фойдаланишни бошқаришни, табиий ресурсларни муҳофаза қилишни ва экологик назоратни ахборот билан таъминлайди;

– аҳоли ва жамоатчиликни экологик вазият тўғрисида хабардор қилади.
 

Давлат экология қўмитаси тизимидаг таҳлил лабораторияларнинг моддий-теҳник таъминоти тўғрисида маълумот:

1. Давлат экология қўмитаси тизимидаги таҳлил лабораторияларнинг моддий техника таъминоти қониқарсиз ва ушбу сабабли Қўмитага юклатилган вазифаларни тўлиқ ва самарали бажаришга имконият мавжуд эмас:

- тизимда жами 497та турли ҳил назорат-ўлчов асбоб-ускуналари билан жиҳозланган, бироқ улардан 30,5 фоизи (141 та) 1991 йилга қадар, 34 фоизи (157) эса 2000 йилга қадар ишлаб чиқарилган бўлиб маънан эскирган. Мавжуд бўлган назорат-ўлчов асбоб-ускуналарнинг 31 фоизи (154та) яроқсиз ҳолда;

Маълумот учун: Андижон вилоятида 10 та асбоб ускунадан 9 таси (Центрофуга, «Квант-9», Вакуумный насос НВК, Газоанализатор ГИАМ-15 ва бошқалар ), Бухоро вилоятида 9 тасидан 8 таси (Дистиллятор 17257, Вытяжной шкаф, КФК -3, Квант-9М, Газоанализатор ГА-СО ва бошқалар), Тошкент вилоятида 9 тадан 6 таси (КФК-3, «МЕТА-01МП», Газоанализатор «Автотест-01.02М» ва бошқалар) умуман яроқсиз ҳолатда.

2. Давлат экология қўмитаси тизимидаги (Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат Маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлимлари (таҳлилий лабораториялар)нинг моддий-техник таъминотини яхшилаш учун 2017-2019 йиллар давомида жами 6 772,4 млн.сўм сарфланди, шундан 1 616,7 млн.сўм маблағ лабораториялар учун янги асбоб-ускуналари ҳамда 5 155,7 млн.сўм Лабораториялар 11 та транспорт воситалари (DAMAS автомобили) билан таъминланди.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 28 октябрдаги 24509-хх-сон топшириғига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг “Цемент ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолияти устидан экологик назоратни кучайтириш тўғрисида” 2020 йил 14 апрелдаги 223-сон қарори билан “2020 — 2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги таҳлилий лабораторияларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш кўрсаткичлари тасдиқланди. Мазкур кўрсаткичлар “2020-2023 йилларга Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига кирувчи таҳлил лабораторияларнинг моддий техника таъминотини босқичма-босқич яхшилаш бўйича ДАСТУР” Қўмита раиси томонидан 2020 йилнинг 15 май куни тасдиқланиб ижрога қаратилди.

Ушбу дастурга мувофиқ (2020 йил давомида 10 563,2 млн. сўм (4 562.7 млн.сўм грант, 6000.5 млн. қўмита маблағи), 2021 йил 23 011,6 млн.сўм (бюджетдан 17 70,5 млн.сўм, 3 477,8 млн.сўм грант ва 1 963,3 млн.сўм қўмита), 2022 йил учун 23 832,6 млн.сўм (бюджет 17 714,7 млн.сўм, 4 336,0 млн.сўм грант ва 1 781,9 қўмита) ва 2023 йилда 21663,7 млн.сўм (бюджет 17 734,7 млн.сўм, 2 152,6 млн сўм ва қўмита 1 777,3 млн сўм) жами бўлиб 79 711,1 млн.сўмлик Қўмита таркибидаги таҳлил лабораторияларнинг моддий-техника таъминотини ривожлантиришга йўналтирилиши белгиланган.

Маълумот учун: Давлат экология қўмитаси тизимидаги таҳлилий лабораторияларнинг моддий техника таъминотини яхшилаш мақсадида 2020 йилда “Орол денгизи ҳавзаси учун иқлим ўзгаришини мослаштириш ва камайтириш Дастурлари” (CAMP4ASB) доирасида қиймати 731 000 АҚШ доллари миқдоридаги “Mercedes Benz Sprinter” русумли 2 та мобил экологик лабораториялари;

Бирлашган Араб Амирликлари Дубай Амирлиги Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси техник кўмак келишувига асосан 2018 йил 27 июнда Қўмита билан тузилган шартномаси бўйича қиймати 319 662,0 АҚШ доллари миқдорида 16 хилдаги 34 дона (157 526,0 АҚШ доллари миқдордаги 3 хилдаги 14 дона ҳамда 162 136,0 АҚШ доллари миқдордаги 13 хилдаги 20 дона) лаборатория жиҳозлари (жами қиймати 1 050 662,0 минг АҚШ долларлик) қабул қилинди.
 

Ҳозирги вақтда атроф табиий муҳит мониторинги 390 та саноат корхоналарида, 68 та ер усти сув оқимлари пунктларида, 87 та сув ташлама коллекторларида, 1694 та ер ости суви қудуқларида, 74 та булоқларда ва 61 та атмосфера ҳавосини кузатиш постларида олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 23 август кунги 273-сон қарори билан “2016 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 5 йиллик дастури асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сонли Фармонига мувофиқ Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда “Атроф муҳитни ифлослантирувчи манбаларида давлат экологик мониторинги ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати” шакллантирилиб Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси (2019 йил 28 январдаги 48-сонли буйруғи билан тасдиқланиб 2019 йил 1 февралдан ижрога қаратилган рўйхат ҳамда 2020 йил 24 июндаги 169-сон буйруғи билан тасдиқланиб 1 июлдан ижрога қаратилган) томонидан тасдиқланган текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбаларида давлат экологик мониторинги ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар стационар манбаларидан атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларнинг чиқарилиши мониторинги бўйича манбалар 264 тадан 309 тага (ҳар ойда), оқова ҳамда ер усти сувларини ифлослантириш манбаларида мониторинг бўйича манбалар 171 тадан 208 тага (ҳар чоракда) ҳамда ва тупроқ ифлосланиши манбаларида давлат экологик мониторинги бўйича манбалар 123 тадан 128 тага (йилда икки маротаба баҳор ва куз фаслларида) мониторинг ўтказиладиган жами субъектлар 452 тадан 548 тага, объектлар сони 558 тадан 645 тага оширилди.

2020 йилнинг 9 ойлик якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлимлари (таҳлилий лабораториялар) томонидан дастур режаси бўйича жами – 645 та корхоналарнинг 577 тасига - 4029 та манбаларида аналитик назорат ишлари амалга оширилиб шундан, тупроқни ифлосланишини назорат қилиш бўйича 119 та, оқова сувларни назорати бўйича 176 та ва атмосфера ҳавосига ташлама манбалар мониторинги бўйича 282 тани ташкил этади.

Таҳлил натижаларига кўра 2020 йилнинг 9 ой давомида 277 та манбаларида атроф табиий муҳитни рухсат этилган меъёрдан ортиқ ифлослантириш ҳолатлари аниқланиб, қўшимча компенсация тўловларини ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилиш учун ҳудудий инспекциясиларига синовлар баённомаларининг нусхалари тақдим этилиши натижасида мониторинг амалга оширилган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан 8 068,9 млн.сўм (31,4 млн. сўм жарима ва 8 037,5 млн. сўм қўшимча компенсация) жарима ва қўшимча компенсация ҳисобланиб(2019 йил шу даврида 3,6 млн.сўм жарима ва 1 092,8 млн.сўм компенсация белгиланган) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жарима 872,2%га ёки 27,8 млн.сўмга ва компенсация тўлови 735,5%га ёки 6 944,7 млн.сўмга оширилишига эришилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлимлари (таҳлилий лабораториялар) томонидан жорий йилнинг 9 ойлигида йиллик якунлари бўйича атроф муҳитни ифлослантирувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг жами 1609 та объектларда, шундан, дастур режаси бўйича – 645 та объектдан 577 тасига, дастурдан ташқари 1032 та объектларда жами бўлиб 6897 та манбаларда давлат экологик мониторинги ўтказилди.

Йўналишлар бўйича:

– атмосфера ҳавоси ифлосланиши бўйича – жами 569 та объектларнинг3743 та манбаларида;

– оқова сувлар ифлосланишибўйича – жами 801 та объектларнинг
2363 та манбаларида
;

– тупроқни ифлосланишини бўйича – 222 та объектларнинг 791 та манбаларида давлат экологик мониторинги амалга оширилди.

Таҳлил натижаларига кўра корхоналарнинг 334 та манбаларида атроф табиий муҳитни руҳсат этилган меъёрдан ортиқ ифлослантириш ҳолатлари аниқланиб, қўшимча компенсация тўловларини ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилиш учун ҳудудий инспекциясиларига синовлар баённомаларининг нусхалари тақдим этилиши натижасида мониторинг амалга оширилган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан 8 652,6 млн.сўм (32,0 млн. сўм жарима ва 8 620,6 млн. сўм қўшимча компенсация) жарима ва қўшимча компенсация ҳисобланиб (2019 йил шу даврида 3,6 млн.сўм жарима ва 1 092,88 млн.сўм компенсация белгиланган) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жарима ва компенсация тўлови 789,1%га ёки 7 556,1 млн.сўмга оширилишига эришилди.