Андижондаги "тунги" дарахтлар кесилиши бўйича қўшимча тафсилотлар
16.
01. 2022
09:26
983
Новости

Мазкур ҳолат бўйича Андижон вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, Андижон шаҳар Перинатал маркази ҳудудида 12 туп “элдор қарағайи” дарахтлари мораторий талабларига зид равишда ноқонуний кесилганлиги қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.02.2020 йилдаги 93-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг рўйхати”га Элдор қарағайи (Pinus eldarica) жуда чиройли манзарали дарахт сифатида киритилган.

Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 37-моддаси 2-банди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2021 йилдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сонли Фармонининг 2-банди талаблари бузилганлиги аниқланди.

Ўрганишлар давомида кесилган дарахтларнинг диаметр ўлчамлари 12 см дан 40 см гача эканлиги, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш натижасида ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилганлиги қайд этилди.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбарияти барча жамоатчилик вакилларига, жумладан, журналист ва блогерларга дарахтларни муҳофаза қилиш масаласидаги тезкор ёрдами учун миннатдорлик билдиради.

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

 

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы