Халқаро конференция бўлиб ўтди
19.
08. 2022
15:18
3110
Новости

  2022 йил 19 август куни Давлат экология қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси Экология 
ва атроф муҳит муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Барқарор ривожланиш мақсадларида ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Тадбирда Давлат экология қўмитаси раҳбарияти, Қўмита қошидаги Жамоатчилик Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссия аъзолари, депутатлар ва тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ёшлар парламенти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Сўзга чиққан маърузачилар томонидан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон БМТ Саммитида эълон қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларининг миллий даражада бажарилиши бўйича шартларини қабул қилганлиги, шунга кўра, хукумат томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар қабул қилинганлиги ва улар бугунги кунда тизимли равишда амалга оширилаётганлиги борасида батафсил маълумотлар бериб ўтилди. 

    Қайд этилганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари 17 глобал мақсад ва уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан 169 вазифаларни қамраб олган бўлиб, ушбу мақсадлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча йўналишлари қаторида экологик масалаларни ҳам ҳал этишга қаратилган.

 
Ёшлар масалалари бўйича комиссия аъзолари томонидан 2021 йилда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифалар доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш учун Барқарор ривожланиш ҳафталиги ташкил этилганлиги йиғилиш иштирокчиларига маълум қилинди. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш жараёнида комиссия вакиллари ҳамда ёшларнинг фаоллиги эътироф этилди.

Халқаро конференция давомида мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 12-мақсади 12.5 – “2030 йилгача чиқиндилар ҳосил бўлишини  олдини олиш, қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича чораларни қабул қилиш орқали уларнинг ҳажмини 
2030 йилгача икки бараварга қисқартириш” вазифаси борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тақдимотлар ташкил этилди.

 Халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларининг чиқишларида, табиатда рўй бераётган экологик муаммолар оқибатларини бартараф этишда  экологик таълим ва маданиятнинг ўрни ниҳоятда катта эканлиги таъкидланди. Шу жумладан, экологик маданият бу шахснинг атроф-муҳитга маъсулиятли муносабатига оид билим, кўникма, қадрият, маънавий ва аҳлоқий меъёрлар ҳамда уларни амалда онгли равишда самарали қўлай билиш фаолиятининг юксак кўрсаткичлари мажмуи эканлиги қайд этилди.

Сўзга чиққан депутатлар томонидан бугунги кунда Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда, жумладан, давлатнинг барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши белгилаб қўйилганлиги юзасидан алоҳида урғу бериб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан барқарор ривожланиш мақсадларида аҳолининг экологик маданиятини шакллантиришнинг хуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.  

Конференция якуни бўйича билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Полезные ресурсы