Сувсиз шароитларда боғ яратиш ва парвариш қилишда Кўкдала педагогика коллежи тажрибаси 
06.
10. 2022
19:48
3101
Новости

Семинар 

Мамлакатимизда яшил ҳудудларни янада кўпайтириш, келгуси авлодлар учун тоза ва озода, яшилликка бурканган  табиий муҳит яратишдек эзгу мақсадлардан келиб чиқиб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар жорий йил куз мавсумида ҳам тизимли равишда ташкил этилаяпти.

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги педагогика коллежида лойиҳа доирасида жорий кузги мавсумда амалга оширилиши лозим бўлган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш, дарахт экиш ва парвариш қилиш ишларини тўғри ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. 

Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов,  ҳудудий Экология бошқармалари мутасаддилари  иштирок этган семинарда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг жорий кузги мавсумида белгиланган вазифаларни ҳудудлар иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда тўғри ва тизимли ташкил этиш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, бу борада Кўкдала педагогика коллежининг тажрибасини оммалаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Шундан сўнг семинар қатнашчилари коллеждаги ушбу боғнинг яратилиши, мавжуд дарахтларни қарийб 20 йил давомида парвариш қилинишида жонбозлик кўрсатиб келаётган мазкур таълим муассасасининг директори, “Дўстлик” ордени соҳиби Мўминхон Азимовнинг бой тажрибасини ўрганишди. 

Мўминхон Азимов тадбир иштирокчиларига сув танқис ҳудудларда самара берадиган суғориш тизими яратиш, дарахтларни парвариш қилишда агротехник меъёрларга қатъий риоя қилиш билан боғлиқ жиҳатлар ҳақида сўзлаб берди.

Семинар якунида Кўкдала педагогика коллежининг боғ яратиш ва дарахтларни парвариш қилиш билан боғлиқ бой тажрибасини мамлакатимизнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам оммалаштириш ва кенг тарғиб этишга келишиб олинди. 

 Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Полезные ресурсы