Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакат тараққиётини белгиловчи, давлат ҳамда жамият ҳаётидаги муҳим сиёсий ва тарихий воқеа бўлди.
25.
12. 2022
00:27
7873
Новости

Таъкидланганидек, якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди. Президентимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилган жиҳати: “Тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”.

Мурожаатномада эришилган ютуқлар эътироф этилиши билан бирга, келгуси йил учун ривожланишнинг 6 та устувор йўналиши белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан мамлакатимизда 2023 йил —  “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланди.

Биринчи устувор йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш, республикада вазирликларни ислоҳ қилиш, иш услубларини тубдан ўзгартириш - янги маъмурий ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.

Давлатимиз Раҳбари устувор йўналишлар қаторида экология масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида тўхталиб, табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш келгуси йилда ҳар бир маҳалла аҳолисининг маданияти ва амалий ҳаракатига айланиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, бугун минтақада, қолаверса, бутун дунёда чўлланиш, сув етишмаслиги, қурғоқчилик, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби жиддий экологик муаммолар пайдо бўлаётгани бу борада изчил тизимли ислоҳотларни амалиётга кенг жорий этишни тақозо этмоқда.

Бу борада мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатларимизни, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларимизни кучайтирамиз.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 21 декабрда “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди. Унга кўра Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш юзасидан аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.

Шуни таъкидлаш керакки, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишга, Ҳукумат, вазирликлар ва ҳокимликлар иш фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга хизмат қилади.

Фармонга мувофиқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси негизида Табиат ресурслари вазирлиги ташкил этилмоқда. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси – Ўрмон хўжалиги агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази - Гидрометеорология хизмати агентлиги шаклида қайта ташкил этилиб, Табиат ресурслари вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда.

Табиат ресурслари вазирлиги ташкил этилиши, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда мазкур соҳадаги бошқарув тизими самарадорлигини оширишга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, ўрмон хўжалиги ва гидрометеорологик фаолият йўналишида муҳим ислоҳотларни амалга оширишга институционал асос бўлиб хизмат қилади.

Нарзулло Обломуродов

Ўзбекистон Республикаси

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

давлат қўмитаси раиси

Полезные ресурсы