Давлат экология қўмитаси брифинги: «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан қўмитага юкланган вазифалар
04.
11. 2021
16:55
16279
Янгиликлар

Бугунги брифингда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бажариладиган ишлар хусусида сўз юритамиз.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқларнинг ўз вақтида сифатли бажарилиши қўмитамиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бир қарашда оддий туюлган ҳодисанинг ҳосиласи нақадар улуғворлигини бироз фурсат ўтгандан кейингина ҳис қиламиз.

Кейинги йилларда мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган кўламли юмушлар хусусида ҳам худди шундай мулоҳаза юритиш мумкин. Юртбошимиз ташаббуси билан дарахтлар кесилишига мораторий эълон қилиш билан «старт» олган ишлар бугун умуммиллий ҳаракатга айланди. Ёшу қари, амалдору ходим, тадбиркору сармоячи – ким бўлишидан қатъий назар табиатдан айро яшаш имконсизлигини идрок этаётир.

Буларнинг барчаси атроф-муҳитни аслича асраш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, сув ва ер ресусрларидан оқилона фойдаланиш масаласи давлат сиёсатига даражасига кўтарилгани шарофатидир. Давлатимиз раҳбари яқинда бўлиб ўтган сайловолди учрашувларида ҳам ушбу йўналишнинг умумиқтисодий тараққиёт ва фаровон ҳаёт билан нақадар чамбарчас боғлиқлигини бутун халқимизга содда тилда тушунтириб бердилар.

Жорий йилнинг 24 августи ва 2 ноябридаги муҳокамалар эса назария ва амалиёт уйғунлигининг, илгари сурилаётган ғояларнинг кундалик турмушдаги инъикоси бўлди. Бинобарин, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда кампаниябозликка, кўзбўямачиликка йўл қўйиб бўлмаслигини ҳамма-ҳамма англаши зарур. Чунки аввал ана шу иллат туфайли ўзимизни ўзимиз алдаб юраверганмиз. Президентимиз ибораси билан айтганда, ўтган йилларда «қоғозда» экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик, аниқ маблағи, экиладиган ҳудуд эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш лозимлиги қатъий белгиланди.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилди. Бундан буён экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосари масъул бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бутун мамлакатимизда 2 ноябрдан 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича «Долзарб 40 кунлик» эълон қилингани экологик хавфсизликни таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим тадбирдир, дейишга асослар етарли.

Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида – 16 миллион тупдан, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғонада – 15 миллион тупдан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сирдарё, Хоразмда – 14 миллион тупдан кўчат экилади.

Шу боис, биринчи навбатда, мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан масъул белгиланадиган бўлди. Улар дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам жавоб беради. Ободонлаштириш бўлимлари махсус техника билан таъминланади, зарур жойларда суғориш тармоқлари барпо этилади. Ушбу савобли ишда ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаро ўз ўрнини топишига жиддий эътибор қаратилади.

Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар уй-жой мулкдорларига яшил майдонлар барпо этиш учун бириктирилади ва у ерда қурилиш қилишга рухсат берилмайди. Муассасалар ҳовлиси, маҳаллалар, йўл ва дала четларига ҳам дарахтлар экилади.

Мутахассисларнинг тавсиясига асосан, ҳудудларда экиш учун 27 турдаги дарахт кўчатлари таклиф этилмоқда. Масалан, каштан, оққайин, эман, япон сафораси, шумтол, қайрағоч, павлония, терак, акация, чинор, тут, жийда, ёнғоқ, беҳи, узум, қрим қарағайи ва виргин арчаси бизнинг минтақамиз учун мосдир. Бунда ҳар бир вилоятнинг иқлими ва тупроқ таркиби инобатга олинади. Қайси ниҳол униб кетишига жиддий эътибор қаратилди.

Хўш, келажакка бебаҳо сармоя тариқасида йўналтирилаётган улкан жараёнларда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўрни қандай бўлади? Энг аввало, шиддатли замоннинг ўткир талабларидан келиб чиқиб, қўмитанинг ташкилий тузилмаси, ваколат ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилади.

Эълон қилинган «Долзарб 40 кунлик» қўмита раҳбариятидан тортиб, олис туманлардаги оддий инспекторларгача том маънода синов вақтидир. Ана шу имтиҳон экологларнинг сарасини сарага, пучагини пучакка чиқаради. Халқона айтганда, дастлабки ғалвир қирқ кундан кейин кўтарилади.

Буни яхши ҳис қилган қўмита мутахассислари кечадан бошлаб жойларда экишга киришилган қаламча ва кўчатларнинг ҳисобини алоҳида юритиш, 2-3 ёшли ниҳол ва буталар ўтқазилишининг ҳисобини алоҳида юритиш баробарида мавжуд дарахтларнинг аниқ хатловига, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида яшил ҳудудларнинг электрон харитасини яратишга киришдилар. Шунингдек, ҳокимликлар томонидан суғориш тизимини янгилаш, ирригация тармоқлари қуриш, қудуқлар қаздириш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси ҳам экологлар томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилади. Кўчатчиликни ривожлантириш, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш чоралари юзасидан белгиланган ишлар қанчалик сифатли адо этилиши ҳам Давлат экология қўмитаси масъулларининг соҳа олимлари билан ҳамкорликни қай даражада йўлга қўйишига бевосита боғлиқ. Дарвоқе, экиш учун эколог-экспертлар томонидан тавсия этилган 27 турдаги дарахт кўчатларининг қайсилари қайси ҳудудга мос келиши олимлар хулосаси асосида ҳар бир туманнинг шарт-шароитини ҳисобга олган ҳолда танланади.

Давлат экология қўмитасининг daraxt2020.uz электрон платформаси барча вилоятларда ташкил этилаётган «Яшил макон» умуммилий лойиҳасини амалга ошириш штаби билан интеграция қилинади. Яъни, экилаётган дарахтлар ҳисоби онлайн тарзда юритилиб, шаффофлик таъминланади. Бу платформадаги такомиллаштириш ишлари ниҳоясига етиши билан ундан истаган киши фойдаланиши, киритилаётган маълумотлар билан уйида ўтириб танишиши мумкин бўлади.

Оддий савол туғилиши мумкин: вилоятлар учун муайян квота тариқасида белгиланган шу 14-16 миллион донадан кўчатлар «Долзарб 40 кунда» экиб бўлинадими? Йўқ, ундай эмас. Бу жараён келаси йил баҳорида ҳам олимлару уста боғбонлар тавсия этган муддатларда изчил давом эттирилади. Бунда ҳар бир ҳудуд кузда ва баҳорда қанча экилишини ўзига аниқ режа қилиб олган.

Мақсад – жимжимадор рақамлар ортидан қувиб, сохта маълумотлар тақдим этишдан иборат эмас. Бундай ҳолатлар даври аллақачон ўтди. Муддао – чиндан-да яшил маконлар барпо этиш. Зотан, бугунги ниҳоллар – эртанги тоза ҳаво, демакки, гўзал ҳаёт манбаидир.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар