Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
01.
01. 2022
10:57
957
Тадбирлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлаш ҳамда соҳада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси) янгиланган асосий вазифалари этиб белгилансин:

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини олдини олиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни таъминлаш, жамоатчилик назоратига услубий ёрдам кўрсатиш ва кўмаклашиш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш;

атроф-муҳитнинг қулай экологик ҳолатини, экологик тизимлар, табиий комплекслар ва объектларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, улар турларининг хилма-хиллигини, табиий туркумлари яхлитлигини ва уларнинг яшаш муҳитини сақлаш, қайта тикланиши ва ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат назоратини олиб бориш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида давлат ва хусусий шерикчиликни фаол жалб қилган ҳолда тизимни ташкил этиш;

атмосфера ҳавоси, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини ўрнатиш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишини “Коррупциясиз соҳа”га айлантиришэкологик тарбия, тарғибот ва таълим тизимини ташкил этиш, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари фаолиятига кўмаклашиш.

2. Қуйидагилар:

Давлат экология қўмитасининг ташкилий тузилмаси ва марказий аппарати тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг тузилмаси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;

туман (шаҳар) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциялари туман (шаҳар) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимлари этиб қайта ташкил қилинсин ҳамда уларнинг намунавий тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқлари Давлат экология қўмитаси раиси томонидан бевосита лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Давлат экология қўмитаси билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

Давлат экология қўмитаси раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аъзоси ҳисобланади.

4. Давлат экология қўмитаси раисига:

зарур ҳолларда, Давлат экология қўмитасининг марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва унинг таркибига кирадиган идоравий мансуб ташкилотларнинг тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг штат бирликларига қўшимча штат бирликларини жорий қилиш ва сақлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини ҳамда экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.

5. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасини ҳамда экологик назорат тизимини янада такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларга қарши курашиш тизимини янги даражага кўтариш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат экология қўмитасининг қуйидагиларни назарда тутувчи “Экологик патруль” ишлаш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин:

ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги хизмати ва Миллий гвардиянинг патрулликка жалб этилган бўлинмаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича ваколатларини кенгайтириш;

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талаблари ижроси сўзсиз таъминланишини назорат қилишда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари билан яқиндан ҳамкорлигини ўрнатиш ҳамда қўшма профилактик тадбирларни ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш.

7. Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардия ва Давлат экология қўмитаси билан биргаликда:

уч ой муддатда ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича ваколатларини кенгайтириш юзасидан тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

доимий равишда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талаблари ижроси сўзсиз таъминланишини назорат қилишда ўзаро яқиндан ҳамкорликни ўрнатсин ҳамда қўшма профилактик тадбирларни ўтказиш амалиётини йўлга қўйсин.

8. Маълумот учун қабул қилинсинки, Давлат экология қўмитасининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш ҳуқуқига эга ходимлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 285-моддасига асосан ҳуқуқбузарни маъмурий йўл билан ушлаб туриш, шахсан кўрикдан ўтказиш, унинг ашёлари ва транспорт воситаларини кўздан кечириш ҳамда ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш ваколатларига эга.

9. 2022 йил 1 мартдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари қуйидаги шарт ва мажбуриятлар билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади:

ер участкаларини обод ҳолда сақлаш;

дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш;

йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш;

болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш;

аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш;

б) мазкур бандга асосан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериладиган ер участкаларида бино, иншоот, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш ҳамда енгил конструкцияли объектларни ўрнатиш ва қуриш тақиқланади;

в) давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига тегишли ер участкаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериш ушбу банднинг “а” ва “б” кичик бандларида назарда тутилган талаблар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;

г) мазкур бандга асосан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериладиган ер участкаларида давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари томонидан белгиланган
шарт ва мажбуриятлар бажарилиши устидан назорат ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги хизмати, Миллий гвардиянинг патрулликка жалб этилган бўлинмалари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилади.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

2023 йил 1 январга қадар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган ҳамда бўш турган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ер участкалари тегишли давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига ажратилишини;

доимий равишда шаҳарсозлик фаолияти натижасида шаклланган янги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ер участкалари белгиланган тартибда тегишли давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига ажратилиб борилишини таъминласин.

11. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларига қуйидаги бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларни киритиш ҳуқуқи берилсин:

давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари томонидан мазкур қарорнинг 9-10-бандларига асосан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган ер участкаларида тегишли шарт ва мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш бўйича;

2023 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган ҳамда бўш турган ер участкалари тегишли давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига ажратилиб борилишини таъминлаш бўйича.

12. 2022 йил 1 февралдан бошлаб:

вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилибқурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими киритилсин;

Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг архитектура, капитал қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилибқурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилсин.

13. Вазирлар Маҳкамаси аппарати тузилмасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибиятида бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 3 нафардан иборат бўлган Экологик назорат бўлими ташкил этилсин.

Белгилансинки, Экологик назорат бўлимининг 1 нафар штат бирлиги Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг умумий штат бирликлари доирасида ҳамда 2 нафар штат бирлиги Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча ажратилиши орқали шакллантирилади.

14. Давлат экология қўмитаси кенг жамоатчилик, илмий-тадқиқот институтлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб этган ҳолда 2022 йил 1 декабрга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Экологик кодекс лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

экологияга оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва ихчамлаштириш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратининг роли ва таъсирини ошириш;

биохилма-хилликни асраш, тиклаш ва кўпайтиришнинг аниқ механизмлари ва рағбатлантириш тизимини жорий этиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилишда давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

экологик назорат ва мониторинг турларини амалга ошириш тартиби, шу жумладан, “яшил иқтисодиётни” рағбатлантириш чоралари;

экологик экспертизани амалга ошириш тартиби.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3956-сон қарори 3-бандининг иккинчи-тўртинчи хатбошилари ва 4-банди, шунингдек, унга 1-5 иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

16. Давлат экология қўмитаси икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,
2021 йил 30 декабрь

 

Манба: https://yuz.uz/news/atrof-muhitni-muhofaza-...

 

 


 

Фойдали манбалар