Тошкентга электробуслар олиб келинди
08.
02. 2022
11:34
3184
Тадбирлар

Тошкент шаҳрига Хитойнинг Yutong компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 20 та электробуслар олиб келинди. Шунингдек, электробуслар учун 10 та қувватлаш ускуналари ҳам олиб келинган.

1 февраль куни “Тошшаҳартрансхизмат” автопарки учун мўлжалланган 20 та электробусдан иборат партия Тошкентга етиб келди. Ушбу электробуслар Хитойнинг Yutong Bus компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

Таъкидлаш жоизки, республикамизда атмосферага умумий ташланмаларнинг 60 фоизга яқини транспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади ва йилига ўртача 1,3 млн тонна зарарли газлар ҳавога ташланмоқда.

Транспорт воситаларининг атмосферага ташламалари устидан давлат назоратини таъминлаш мақсадида республика бўйлаб ҳар йили икки босқичда “Тоза ҳаво” тадбири ўтказиб келинмоқда. 2021 йилги “Тоза ҳаво” тадбирининг I ва II-босқичи давомида жами 280 мингга яқин автотранспорт воситалари кўрикдан ўтказилди.

2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси доирасида мамлакатимизда транспортларни газ баллон ёқилғисига, электр қувватига ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, бунда, 2022 йилга келиб транспорт воситаларининг 50 фоизини, 2030 йилга келиб эса 80 фоизини газ-баллон ёқилғиси ва электр энергиясида ишлашга ўтказиш бўйича устувор вазифалар белгиланган.

Агарда, мавжуд техника воситаларини таҳлил қиладиган бўлсак, республика бўйича жисмоний шахсларга тегишли бўлган жами 3,2 млн дона автотранспорт воситалари мавжуд бўлиб, шундан, 15,8 минг донаси автобуслар ҳисобланади. Шундан, газ ёнилғисида ҳаракатланадиган автобуслар 10 240 тани ташкил этади.

Тошкент шаҳри бўйича эса, жами 1181 та автобуслар ҳаракатланиб, шундан 812 таси ёки 69 фоизи табиий газ ёнилғисига мўлжалланган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дизель ёқилғисида ҳаракатланадиган автобуслар бир йилда ўртача атмосферага 5,5 тоннадан ортиқ зарарли газларни ташлайди. Мазкур электробусларнинг олиб келиниши эса пойтахт ҳавосига йилига 110 тоннадан ортиқ зарарли газлар ташланишининг олдини олишга хизмат қилади.

Ушбу ишларнинг узвий давоми сифатида, 2023−2025 йилларда қўшимча яна 653 та автобус ва электробусларнинг сотиб олиниши режалаштирилган. Бу билан пойтахтимиз атмосфера ҳавосининг мусаффолиги таъминланишига эришган бўламиз.


Давлат экология қўмитасининг
Атмосфера ҳавосини муҳофаза
қилиш бошқармаси бошлиғи
Азизжон Калимбетов

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар