Кўп томонлама ҳамкорлик ва Преференциялар Бош Тизими плюс (GSP+)
16.
02. 2022
17:14
4166
Xalqaro hamkorlik

Жорий йилнинг 16 февраль куни Давлат экология қўмитаси раиси Н. Облмурадовнинг Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари – элчи Шарлотта Адриан хоним билан учрашуви бўлиб ўтди.

Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов Давлат раҳбари томонидан мамлакатимизда сўнгги йилларда атроф-муҳитни асраш бўйича қилинаётган ташаббуслар, хусусан, “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири, ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш, шунингдек, Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро лойиҳалар тўғрисида сўз юритди.

Ўз навбатида Делегация раҳбари экология соҳасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериш билан бир қаторда мамлакатимиз учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича Преференциялар Бош Тизими плюс (GSP+) кучга кириши, айниқса, COVID-19 инқирозидан тикланиш даврида муҳим аҳамият касб этиши, шунингдек, бу Ўзбекистонда атроф-муҳит, инсон ва меҳнат ҳуқуқлари ҳамда самарали бошқарув бўйича 27 йирик халқаро конвенцияларни жорий этиш билан боғлиқ ислоҳотларни амалга оширишни давом эттириш учун яхши рағбат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув давомида Н. Обломурадов 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси, хусусан, “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш, шу жумладан иқтисодиёт тармоқларининг ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини бир бирлик ялпи ички маҳсулот ҳисобида 20 фоизга қисқартириш юзасидан амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Иккитомонлама алоқаларнинг истиқболига бағишланган мулоқот мобайнида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда Европа Иттифоқининг молиявий-техник ҳамкорлигини янада кенгайтириш билан боғлиқ масалалар хусусида сўз юритилди. Хусусан, Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси олган мажбуриятларни бажаришнинг самарали механизмини яратиш бўйича Европа Иттифоқининг техник кўмагини жалб қилиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Элчи хоним Ўзбекистон эришаётган ютуқларни эътироф этар экан, Европа Иттифоқи бошқа соҳаларда бўлгани каби экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида ҳам икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканини маълум қилди.

 

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар