Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва ҳудудий бўлинмаларга автотранспорт воситалари топширилди
02.
08. 2022
21:53
2623
Янгиликлар

Жорий йил 2 август куни Давлат экология қўмитасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳамда ҳудудий бўлинмаларга жами 22 дона йўлтанламас "Нива" автомобиллари тантанали топширилди.

2017 йилгача муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг мамлакат ҳудудидаги улуши 4,5% ташкил этган бўлса, сўнгги йиллардаги саъй-ҳаракатлар натижасида ушбу кўрсаткич 13,46% га етказилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари билан Қорақалпоғистон Республикасида “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ва Судочье-Акпетки давлат буюртма қўриқхонаси, Навоий вилоятида “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи ва “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси ташкил этилди.

Ҳозирги кунда Давлат экология қўмитаси тасарруфида 7 та давлат қўриқхонаси, 3 та миллий табиат боғи, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 1 давлат биосфера резервати, 1 та давлат буюртма қўриқхонаси, 1 та ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги, 10 та юридик мақомга эга бўлмаган буюртма қўриқхона мавжуд бўлиб, уларнинг умумий майдони 4 406 164 га ни ташкил қилади. Ҳозирда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда 500 нафарга яқин ходим фаолият олиб бормоқда. 

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини қўриқлаш, уларни асраш ва кўпайтириш мақсадида Давлат экология қўмитаси томонидан зарур техника ва жиҳозлар, замонавий кузатув ускуналари (фото ва видео қопқонлар, кузатув камералари, бинокллар) билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Мазкур транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бирлашган Араб Амирликлари Дубай ҳукуматининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда "Falcon Hunting Solutions" МЧЖ билан тузилган уч томонлама битим доирасида халқаро техник кўмак лойиҳаси маблағлари ҳисобидан етказиб берилди.

Шунингдек, уч томонлама ҳамкорлик доирасида Навоий вилоятида "Йўрға тувалоқни асраш маркази" ташкил этилган бўлиб, ҳар йили йўқолиб кетиш хавфи бўлган ва Қизил китобга киритилган йўрға тувалоқлар кўпайтирилиб, ёввойи табиатга қўйиб юборилмоқда.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳамда ҳудудий бўлинмаларни замонавий транспорт воситалари билан таъминланиши экологик назорат тадбирлари самарадорлигини оширишга, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари муҳофазасини янада кучайтиришга хизмат қилади.
 
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар