Семинар  Яшил шаҳарлар барпо этиш тажрибаси ўрганилмоқда
08.
12. 2022
20:15
1940
Янгиликлар

   Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида “Истиқболли яшил шаҳарлар истиқболли мамлакатларни яратади.Шаҳар ва шаҳар атрофидаги дарахтлар ва ўрмонларнинг барқарорлигини ошириш” мавзусида семинар бўлиб ўтмоқда.

Мамлакатимиз делегацияси аъзолари қаторида Давлат экология қўмитаси масъул ходимлари ҳам иштирок этаётган семинарнинг 2-куни “Ҳамма нарса ердан бошланади” мавзусига бағишланди.

Семинарда шаҳарларда дарахт ва буталарни экишда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитини эътиборга олиш, илмий таҳлил натижаларига асосан экиладиган дарахт кўчатларининг касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишда тур таркибини ҳар-хиллаштириш самарали омил эканлиги тўғрисида маърузалар тингланди.

Шундан сўнг семинар иштирокчилари Будапешт шаҳрининг “Табанни” мавзеси ҳудудида барпо этилган “Яшил жамоат боғи” фаолияти билан танишишди. 

Маълум қилинишича, 600 гектарлик майдонни эгаллаган ушбу “Яшил жамоат боғи”да экилган 108 минг туп ҳар хил турдаги манзарали дарахтларнинг барчаси хатловдан ўтказилиб, дарахтларни танлашда маҳаллий ҳудудда етиштирилган кўчатларга алоҳида эътибор қаратилган. Боғда аҳолининг кўнгилдагидек дам олиши учун яратилган шарт-шароитлар семинар қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.  

Шунингдек, семинар қатнашчилари Будапешт шаҳрида 
кўп қаватли уйлар ўртасида яшил майдончалар ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишишди. 

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар