Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ва унинг таркибидаги Ташриф маркази сайёҳлар учун энг севимли масканга айлантирилади
09.
12. 2022
11:40
2368
Янгиликлар

Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов Чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг ташриф маркази фаолияти билан танишди.

Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги “Чотқол” давлат биосфера қўриқхонаси Чотқол тоғ тизмасининг  ўсимликлари, ҳайвонот ва қушларини ўрганиш, сақлаб қолиш, кўпайтириш мақсадида ташкил қилинган. 2021 йилда фаолияти йўлга қўйилган Ташриф марказида бўлган киши қўриқхонанинг ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳақида керакли маълумотларни олиш имконига эга бўлади.

 Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг экологик билими, маданиятини ошириш мақсадида фаолият кўрсатаётган мазкур Ташриф маркази  Давлат экология қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғарма томонидан ҳамкорликда «Биологик хилма-хилликнинг глобал турлари учун муҳим бўлган асосий тоғ ҳудудларида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш» лойиҳаси доирасида қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Ташриф марказининг фойесида Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ва Угом-Чотқол давлат биосфера резервати қўриқхона ҳудудининг макети жойлашган.

Айтиш ўринлики, бу участкалар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси мақомига эга бўлиб, Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига киритилган.

Ташриф марказининг иккинчи зали энг ноёб ва кам ўрганилган ҳайвонот тури – қор қоплонига оид далилий материаллар билан бойитилган. Ушбу залда қор қоплонининг муляжи, биологик хусусиятлари ҳамда хатти-ҳаракатлари тавсифланган стенд мавжуд бўлиб, ташриф буюрувчилар қор қоплонининг тарқалиши харитаси ҳамда ушбу тур популяциясининг қисқаришига таъсир кўрсатадиган омиллар билан яқиндан танишиши мумкин.

Кейинги залга олиб борувчи даҳлизда қўриқхона чегараларининг ойнаванд чизмаси ва ушбу ҳудудда яшайдиган турли ҳайвонларнинг панжа излари қўйилган.

Шунингдек, бу ерда қўриқхона ҳақида қўшимча ахборот олиш имконини берувчи QR-кодли виртуал флайер ҳам жойлаштирилган.

Ташриф марказининг яна бир залида қадимги даврларда одамлар яшаган ҳудудлар тарихи ҳақида маълумотлар мавжуд. Ушбу залдаги кўргазмалар орасидан петроглифлар фотосуратлари, қазиш даврида топилган қадимги асбоб-анжомлар ҳамда турли даврларга оид кулолчилик буюмлари ҳам ўрин эгаллаган.

Мажлислар залида ЮНЕСКО бутунжаҳон тармоғига киритилган биосфера резерватлари харитаси, Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган стенд ҳамда мазкур табиатни муҳофаза қилиш ҳудудининг халқаро мақоми тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган стенд жойлаштирилган.

Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов мазкур Ташриф марказида илмий ишларни кенг йўлга қўйиш, юртимиздаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда маърузалар ташкил этиш, Ташриф маркази ва қўриқхона фаолиятига доир видеороликлар, ҳужжатли фильмлар яратиш ва бу орқали кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини оширган ҳолда ички туризмни янада ривожлантириш ҳамда қўриқхона фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар