Ҳамкорликнинг янги истиқболлари 
25.
01. 2023
13:27
4875
Янгиликлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазири А. Абдухакимов ва Корея Республикаси Атроф-муҳит вазири ўринбосари Ю Чечул бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар кейинги йилларда Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқалари изчиллик билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этишди.

Айтиш ўринлики, ҳозирда Глобал яшил ўсиш институти (ГГГИ)нинг Марказий Осиёдаги ягона офиси Ўзбекистонда очилган бўлиб, Табиат ресурслари вазирлигида фаолият кўрсатмоқда. «КEИТИ» компанияси иштирокида самарали амалга оширилган  «Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича бош режани тузиш» техник кўмак лойиҳаси доирасида 6,6 млн АҚШ долларига тенг грант лойиҳаси молиялаштириш учун маъқулланди, шунингдек, йирик инвестиция лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилиб, Корея Ҳукуматига тақдим этилди.

Шунингдек, «Сежин Г&Э Со., Лтд.» компанияси иштирокида «Тошкент вилояти маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича Инвестициялар ва Энергетика вазирликлари билан келишувга эришилганлиги ҳам муҳим жиҳат саналади.

Табиат ресурслари вазирлиги ходимларининг Корея Республикаси Атроф-муҳит вазирлигининг Экология соҳасида келажак илғор раҳбарлар учун магистрлик дастури (МГЛEП)да фаол иштирок этаётгани ҳам яқин ҳамкорликнинг яна бир амалий ифодасидир.

Учрашувда томонлар экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида ҳамкорликда олиб борилган ишларнинг натижалари ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар ва ташаббусларни муҳокама қилишди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ва Корея Республикаси Атроф-муҳит вазирлиги ўртасида ўзаро англашув Баёноти имзоланди.

Корея Республикаси Атроф-муҳит вазири ўринбосари Ю Чечул бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда. 

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Энергетика, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиши, шунингдек, Тошкент вилоятидаги «Оҳангарон» ва «Майдонтол» маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш” лойиҳасининг бошланишига бағишланган тадбирда иштирок этиш кўзда тутилган.

Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати

Фойдали манбалар