Тошкент вилояти, Паркент тумани. Эконазорат: расмий муносабат
28.
07. 2021
22:55
491
Econadzor

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент тумани Қизилтоғ шаҳарчасида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган турли хилдаги ноёб ҳайвонлар ноқонуний овланиб, гўштлари COVID-19 вирусига даво сифатида сотилаётганлиги таъкидлаб ўтилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назаорат бўйича Паркент тумани инспекцияси ходимлари томонидан суриштирув ишлари амалга оширилди ҳамда хабарда кўрсатилган овчидан ёзма тушунтириш хати олинди. Суриштирув давомида фуқаро 2005 йилдан буён овчилар жамияти бирлашмасига аъзолиги ҳамда спорт ва ҳаваскорлик тарзида қонунда белгиланган тартибда овчилик фаолияти билан шуғулланиб келишини таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда кенг мунозарага сабаб бўлган мазкур постдаги фото суратлар фуқаронинг 2012-2015 йиллар давомида Россия Федерациясида Овчилик хўжалигида фаолият олиб борган даврларида олинганлиги ҳамда у томонидан ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирилганлиги аниқланди.

Шунингдек, фуқаронинг таъкидлашича, жорий йил 24 июль куни ўрта ёшли шахс томонидан унга қўнғироқ қилиб, онаси бетоблиги туфайли жайра ёки бўрсиқ гўшти кераклигини сўраган. Фуқаро қўнғироқ эгасига ҳозирда ов мавсуми ёпиқлиги учун овчилик фаолияти билан шуғулланмаётганлиги ва ов мавсуми бошланганда шунга ўхшаш ҳайвонларни қонуний равишда ўлжа олса, етказиб бериши мумкинлигини маълум қилган.

Журналист ва блогерлардан асосланмаган ҳамда эски маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойлаб, ёлғон маълумотларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз.

Шунингдек, Давлат экология қўмитаси томонидан 2021 йилда жайра, ёввойи тўнғиз ва бўриларни табиатдан овлашга Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси ҳамда Давлат қўриқхоналари миллий табиат боғлари ва овчилик бошқармасига квота ажратилган. Фуқаро Ахмад Мирзарахмедовга Давлат экология қўмитаси томонидан 2021 йил учун ёввойи ҳайвонларни овлашга квота ажратилмаган ҳамда ёввойи ҳайвонларни табиатдан овлашга рухсатнома расмийлаштирилмаган.

Ҳозирги вақтда республикамиз ҳудудида ов қилиш мавсуми ёпиқ деб саналади.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Useful resources